Хоразмда “Эл-юрт умиди” жамғармасининг имкониятлари тарғиб этилди
Урганч давлат университетида халқаро таълим дастурларини оммалаштириш, ёшларни глобал академик ҳамжамиятга кенг жалб этиш ҳамда Ўзбекистоннинг инсон капиталини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли таълим марафони - “Эл-юрт умиди” жамғармаси кунлари доирасидаги тарғибот учрашуви бўлиб ўтди.
Тадбирда Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари Ш.Бердиев, жамғарма ижрочи директори ўринбосари Д.Абдурашидов, бош инспектори Қ.Бектемиров, тегишли мутасаддилар, университетнинг иқтидорли талабалари, мактаб ўқувчилари ҳамда хорижда таълим олиш имкониятларига қизиқувчи ёшлар иштирок этди.
Учрашув давомида иштирокчиларга Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директорининг биринчи ўринбосари Даврон Абдурашидов томонидан жамғарманинг таълим дастурлари, очиқ стипендия танловлари, уларда қатнашиш шартлари ҳамда ҳужжат топшириш тартиби ҳақида батафсил маълумот берилди.
– Жамғарма 2018 йилда фаолиятини бошлаган бўлиб, давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 5 майдаги “Иқтидорли мутахассисларнинг хорижда таълим олишини қўллаб-қувватлаш, уларда касбий кўникмаларини ривожлантириш ва рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида унинг фаолияти янги ёндашувлар асосида қайта ташкил этилди, – дейди Даврон Абдурашидов. – Бугунги кунда жамғарманинг асосий мақсади дунёнинг етакчи университетлари ва илмий марказларида таҳсил оладиган, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллайдиган, мамлакат тараққиётига ҳисса қўшадиган янги авлод истиқболли кадрларини тайёрлашдан иборат. Биз мазкур учрашувларда ёшларга таълим йўналишлари, хорижий университет ва мутахассисликни тўғри танлаш, нуфузли олий таълим муассасаларида таҳсил олиш, халқаро тажриба ва замонавий билимларни эгаллаш масалалари бўйича тушунчалар бермоқдамиз. Ўғил қизлар ҳам ўзларини қизиқтирган йўналишларни танлаган ҳолда саволларига мутахассислардан батафсил жавоб олди.
Куннинг иккинчи ярмида тарғибот тадбирлари Хива шаҳридаги Президент мактаби ўқувчилари даврасида давом этди.
[gallery-31814]
Мулоқот давомида ўқувчиларга хорижда таълим олиш имкониятлари, стипендия дастурлари ва танловларда иштирок этиш тартиби ҳақида маълумот берилди.
Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислардан жавоб олди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат),
ЎзА мухбирлари