Хоразм хабарлари қисқа сатрларда
Наврўз эзгулик айёми
Мамлакатимизнинг барча жойларида Наврўз байрами кенг нишонланмоқда. Мазкур байрамда ночорлар ва эхтиёжмандлар ҳолидан хабар олиб, уларнинг дардига малҳам бўлиш энг юксак фазилатлардан бири.
Хоразм вилояти ҳокими Ф.Эрманов ва Урганч шаҳар ҳокими О.Холбоев айём муносабати билан “Оби ҳаёт” маҳалласида яшовчи бир гуруҳ ногиронлиги бўлган, ижтимоий ёрдамга муҳтож фуқаролар хонадонларида бўлиб, уларни Наврўз айёми билан табриклади ва байрам совғаларини топширди.

Шунингдек, Урганч шаҳар ҳокимлиги томнидан боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган ва оғир ижтимоий аҳволда қолган 250 та оилага озиқ-овқат маҳсулотлари тўпламидан иборат байрам совғалари етказиб берилди.
*
Урганч туман ҳокими Ф.Шарипов, туман сектор раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари ва туман мутасадди ташкилот раҳбарлари билан Урганч тумани, Юқорибоғ қишлоғидаги Р.Дурдиева томонидан ташкил қилинган “Оилавий болалар уйи”га ташриф буюрди.

“Оилавий болалар уйи” ҳовлисида васийликка олинган болаларга наврўз байрами арафасида кўтаринки кайфият улашилиб, совғалар топширилди.
Кексалар ҳолидан хабар олиш, уларга ёрдам кўрсатиш халқимизнинг энг эзгу қадриятларидан бири эканлигини эътироф этган ҳолда Урганч тумани ҳокими Ф.Шарипов Наврўз байрами билан қутлаш мақсадида тумандаги “Мурувват уйи”га борди. Онахону отахонлар билан дилдан суҳбат қурилди ва озиқ-овқат маҳсулотлари, совғалари берилди.

Шунингдек, тумандаги якка-ёлғиз сифатида рўйхатда турувчи аёллар ва 2021 йил давомида реабилитация техник воситаларига муҳтож ногиронлар ҳолидан хабар олиниб, ногиронлик аравачаси ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан бирга, дори-дармон воситалари ҳам тарқатилди.
*
Боғот тумани ҳокими Шавкат Яхшибаев 4-сектор ҳудудида жойлашган «Гулшан» маҳалласида яшовчи «Темир дафтар» га киритилган, оғир онкологик касал Ҳосилпошша Сапаева ҳолидан хабар олиниб, бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.

Туман ҳокими Ҳосилпошша опа ва унинг кекса онаси Моможон она билан самимий суҳбатлашди. Уларнинг муаммолари билан қизиқди. Моможон она йиғлаб қизининг соғлиги айни кунларда ёмонлашаётганини айтди. Ҳосилпошша Сапаева эса навбатдаги кимётерапия олиш учун имконияти йўқлиги, тўрт миллион сўм пул тополмаётганини айтди.
Шу ернинг ўзида бу муаммо ечимини топди ва ТТБ бош шифокорига тиббий текширувдан ўтказиш, доимий даволаш чоралари кўрилиши лозимлиги борасида топшириқ берилди.

– Бундай ғамхўрликдан жуда мамнунман, – дейди Ҳосилпошша Сапаева. – Мени байрам куни йўқлаб келиб даволанишим учун моддий ёрдам кўрсатилиши билан бирга, соғлигимни тиклаш борасида шифокор ҳам бириктирилди. Бунинг учун ҳамиша ҳолимиздан хабар олиб келаётан мутасаддиларга миннатдорчилигимни билдираман.
Шунингдек, Халқ депутатлари Хоразм вилоят кенгаши депутати Бахтиёр Матёқубов Наврўз айёмида Боғот туманидаги айрим кам таъминланган оилалар холидан хабар олиб, озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатди. Сайловчилар эътибордан мамнунлигини билдириб, дуога қўл очди.

*
Давлат активларини бошқариш агентлиги Хоразм вилоят бошқармаси томонидан Хонқа тумани аҳолисининг ижтимоий аҳволини ўрганиш, уларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, айниқса, “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”да рўйхатда турувчи оилаларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш орқали уларнинг яшаш шароити ва турмуш даражасини яхшилаш мақсадида туманидаги 30 та оилага 700 бош парранда, 8 бош қўй, 6 бош қорамол, 5 та замонавий тикувчилик машиналари беғараз етказиб берилди ва битта оилага иссиқхона қуриб берилди.

*
Хонқалик ёшлар қадимий ва навқирон Хивада
Хонқа туман ҳокимлиги ҳамда иккинчи сектор раҳбари, туман прокурори Д. Қурбонов ташаббуси билан бир кам таъминланган оилалар фарзандлари учун қадимий Хивага саёҳат ташкил қилинди.
Хусусан, туманнинг чекка ҳудудлари ҳисобланган “Таянч” ва “Мош тўғай”маҳаллаларининг бир гуруҳ ёшлари очиқ осмон остидаги давлат музей қўриқхонаси “Ичан қалъа”даги осори-атиқаларни тамоша қилиб, катта тассуротлар билан уйларига қайтди.

***
Наврўз байрами спорт билан бошланди Қўшкўпир туманидаги “Ўртақишлоқ” маҳалласида “Незахос”, “Полвон”, “Ўртақишлоқ” маҳалла фуқаролари иштирокида “Наврўз” байрамига бағишланган “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” шиори остидаги марафон билан бошланди.
Эрта тонгдан спорт билан кайфияти аъло даражада бўлган маҳалла фуқаролари, ёшлар, “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтарига” киритилган фуқаролар байрамга ўзгача кўтаринкилик бахш этди. Ўқувчи-ёшлар томонидан кўргазмали чиқишлар қилинди, миллий ва баҳорий таомлар туҳфа этилди. Янграган куй-қўшиқ, рақс, миллий ўйинлар, спорт ўйинлари байрамни янада жонлантирди.

Байрам сўнгида миллий ўйин ва чиқишлар, спорт тадбирларида фаол қатнашган иштирокчилар рағбатлантирилди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА