Хоразм вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Хоразм вилоятида Адлия вазирлиги Интеллектуал мулк департаменти ва “Интеллектуал мулк маркази” давлат муассасаси ходимлари томонидан тадбиркорлар ва ҳунармандлар иштирокида сайёр қабул ўтказилиб, интеллектуал мулк объектларини рўйхатдан ўтказиш тартиби ва контрафакт маҳсулотлар ишлаб чиқарганлик учун белгиланган таъсир чоралари юзасидан тушунтириш берилди.
Шунингдек, қабул давомида ўз брендига эга бўлишни истаган шахсларнинг талабномаларини топшириш бўйича сайёр хизматлар кўрсатилди.
[gallery-20599]
Тадбир иштирокчилари контрафакт маҳсулотлар каталоги ва тарқатма материаллари билан таъминланиб, уларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар қайтарилди.
***
Қатарнинг Доҳа шаҳрида бўлиб ўтаётган "Qatar Travel Mart" халқаро туризм ярмаркасида Хоразм вилояти туризм салоҳияти тарғиб қилинмоқда.
Мазкур ярмаркада 60 дан ортиқ мамлакатдан ўн минг нафарга яқин туризм соҳаси вакили иштирок этмоқда. Ярмарка давомида Хоразм вилояти туризм жозибардорлигини дунё бўйлаб кенг тарғиб қилиш, янги шартнома ва келишувларга эришиш ҳамда хорижий сайёҳлар оқимини янада ошириш йўлида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
***
Азалий қадриятларимизга асосан юртимизда ёши улуғ, кекса отахон ва онахонларимиз ҳар доим эл-юрт ардоғида бўлган.
Миллий гвардиянинг Хоразм вилоят қўриқлаш бошқармасида узоқ йиллар давомида самарали фаолият юритган бир гуруҳ фахрийлар учун "Кексалар учун туризм ойлиги" доирасида Қўриқлаш бошқармаси маъмурий биноси ва Хива шаҳрига саёҳат ташкил этилди.
Бошқарма томонидан ташкил этилган ушбу тадбир ёшларнинг ота-оналар ва кекса авлодга эҳтиром кўрсатишдаги муҳим ўрнини яна бир бор намоён этди.
А.Шокиров,
ЎзА мухбири