Хонободда кўчат экиш ишлари давом этмоқда
Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси куз мавсуми доирасида Андижон вилоятининг барча туман ва шаҳарларида кўчат экиш ишлари қизғин давом этмоқда. Бу борада Хонобод шаҳрида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
Лойиҳа куз мавсумининг дастлабки кунларида Хонобод шаҳар ҳокими Элёрбек Абдураҳмонов бошчилигида кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида Хонтоғ адирлигининг 7 гектар майдонида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Лойиҳа доирасида мазкур ҳудудга 3 минг 500 туп манзарали дарахт кўчатлари экилиши режалаштирилган.


– Куз мавсумида шаҳримизда 196,3 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилиши белгиланган, – дейди Хонобод шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Акмалжон Қамбаров. – Шу кунларда кўчат экиш ишлари маҳаллалар, жамоаларда белгиланган режа асосида давом этмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, экилиши режалаштирилган кўчатларнинг 81,6 минг тупи маҳаллалар, 44,6 минг тупи Ободонлаштириш бошқармаси, 5,7 минг тупи таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари, 13,8 минг тупи бошқа ташкилот ва корхоналар ҳудудларига, шунингдек, 9 минг тупи дарё ва каналлар бўйларига, 14,6 минг тупи автомобиль ва темир йўллари четларига экилиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, чиқинди полигонлари атрофида иҳота ҳудудлари ташкил этиш учун 2 минг туп, саноат корхоналарида барпо этиладиган “Яшил белбоғлар”га 25 минг туп кўчат ўтказилади.


Ушбу эзгу ташаббусда маҳалла фаоллари, нуронийлар, ёшлар, меҳнат жамоалари, айниқса, Ободонлаштириш бошқармаси ишчи-хизматчилари фаол иштирок этиб, яшил майдонларни кенгайтириш, экологик муҳитни янада яхшилашга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири