Хонадонбай ишлаш рақамларда эмас, оилалар ҳаётида сезиляпти
Янгиер шаҳрида камбағаллик даражаси йил бошидаги 7 фоиздан 3,1 фоизга туширилди. Бунга камбағал оилаларни аниқлаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати ва меҳнат салоҳиятини ўрганиш, ҳар бир хонадон учун алоҳида чора-тадбирлар белгилаш орқали эришилди.
Жорий йилнинг саккиз ойида шаҳарда 542 та камбағал оила барқарор бандлик ва даромадини оширишга қаратилган 801 та хизмат билан қамраб олинди. Натижада 256 нафар фуқаро доимий ишга жойлаштирилди, 91 нафарга имтиёзли кредит ажратилди. 439 нафар фуқаро тадбиркорликка жалб этилди, 6 нафари касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди.
Бу ҳақда Янгиер шаҳар ҳокимлигида оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналист ва блогерлар иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълумот берилди.
Шаҳар ҳокими ўринбосари Сарвар Пўлатовнинг маълум қилишича, 2026 йилда Янгиер шаҳрида 341 та камбағал оила ва 1 минг 300 нафар аҳолини камбағалликдан чиқариш мақсад қилинган. Бунинг учун оилалар муаммосини аниқлаш билан бирга, уларнинг мавжуд имкониятларини ишга солишга ҳам эътибор қаратилган.
Хусусан, ҳар бир хонадонда меҳнатга лаёқатли аҳолининг бандлиги, касбий кўникмалари, тадбиркорликка қизиқиши ва даромад топиш имкониятлари ўрганилди. Натижага қараб фуқарони ишга жойлаштириш, касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорликка жалб этиш, имтиёзли кредит, субсидия ёки ссуда ажратиш бўйича зарур чоралар кўрилади.
Бунда асосий эътибор ажратилган маблағ ёки кўрсатилган хизматга эмас, унинг оилага қандай наф берганига қаратилади. Яъни фуқаро ишга жойлашдими, тадбиркорликни бошладими, хонадонда барқарор даромад манбаи пайдо бўлдими — асосий натижа шу билан белгиланади.
[gallery-31471]
Айни пайтда Камбағаллик реестрига киритилган 399 та оиланинг 198 тасига шаҳар ташкилотларининг 41 нафар раҳбари ва уларнинг ўринбосарлари бириктирилган. Масъуллар хонадонларга бориб, оилаларнинг эҳтиёж ва муаммолари билан бир қаторда, мавжуд салоҳиятини ҳам ўрганди.
Бир хонадон учун доимий иш ўрни муҳим бўлса, бошқасида касб-ҳунар ўрганишга эҳтиёж бор. Яна бир оилада тадбиркорлик ғояси мавжуд бўлиб, уни амалга ошириш учун молиявий кўмак талаб этилиши мумкин. Шунинг учун ҳар бир хонадонга бир хил эмас, унинг имконияти ва эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда ёндашилади. Бу жараённи самарали ташкил этиш мақсадида шаҳарда махсус штаб тузилди. Маҳаллаларга шаҳар ташкилотлари раҳбарлари ва масъул ходимлар бириктирилиб, хонадонма-хонадон ўрганиш ишлари олиб бориляпти. Аниқланган масалаларни жойида ҳал этиш, аҳолини даромадли меҳнатга йўналтириш ва оилаларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш бўйича чоралар белгиланади. Шаҳардаги бу ишлар Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 3 сентябрь куни камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар билан уйғун ҳолда давом эттирилмоқда. Унда ҳар бир оила билан манзилли ишлаш, аҳолини доимий даромад манбалари билан таъминлаш ва маҳалла имкониятларидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилган.
Янги ёндашувда камбағаллик масаласига фақат ижтимоий ёрдам нуқтаи назаридан эмас, балки оилани барқарор даромад манбаига боғлаш, иш ўрни ва зарур шароит яратиш билан боғлиқ комплекс вазифа сифатида қаралмоқда. Янгиердаги натижалар ҳам шу ёндашувнинг амалий кўринишидир. Камбағаллик даражасининг 7 фоиздан 3,1 фоизга туширилгани, юзлаб фуқароларнинг доимий иш ва даромад манбаига эга бўлгани хонадонбай ишлашда асосий эътибор натижага қаратилганини кўрсатади.
Йил якунига қадар шаҳарни камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш вазифаси белгиланган. Бунинг учун хонадонбай ўрганишлар, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва мавжуд имкониятларни ишга солиш бўйича ишлар давом этмоқда.
Матбуот анжуманида журналист ва блогерлар томонидан камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлиги, тадбиркорлик, кредитлаш ва хонадонбай ишлаш тизимига оид саволлар берилди. Масъуллар уларга жавоб қайтаришди.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА