Тошкент шаҳри ободонлиги учун яна 15 та махсус техника олиб келинди
Тошкент шаҳрида чиқиндиларни ташиш тизимини модернизация қилиш ва экологик тоза муҳитни таъминлаш мақсадида пойтахт кўчаларига 15 та янги тўлиқ электр қувватида ҳаракатланувчи махсус техника харид қилинди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, ушбу замонавий электротехникалар "Махсустранс" автопаркини янгилаш ҳамда шаҳар атмосферасига чиқариладиган зарарли газларни камайтиришга хизмат қилади.
Янги электротехникаларнинг ҳар бири 12 куб метр сиғимга эга. Шунингдек, тўлиқ электр қувватида ҳаракатланади, шовқин даражаси паст ҳамда зарарли ташламаларни камайтиради. Шу билан бирга, ёқилғи сарфини қисқартиришга хизмат қилади.
– Бир кунда Тошкент шаҳрида 3,500 тоннагача чиқинди тўпланади, – деди "Махсустранс" ишлаб чиқариш бошқармаси бош инспектори Исмоил Саъдуллаев. – Шу сабаб кунига 350 та, 370 та машина чиқаряпмиз. Икки сменада бемалол бу машиналар билан улгурсак бўлади. Мазкур янги техникалар билан шаҳарни тозалашнинг тез ва янги усулларини амалга оширамиз.

Мутахассисларнинг қайд этишича, бугунги кунда шаҳарда 585 та маҳалла мавжуд бўлиб, уларнинг 544 тасига "Махсустранс" корхонаси хизмат кўрсатади. Ҳар куни 330–350 та махсус техника йўналишларга чиқиб, ўртача 3300–3500 тонна маиший чиқиндини олиб чиқади. 399 та махсус техникадан иборат автопарк эса босқичма-босқич янгиланмоқда.
Г.Бобоева, ЎзА