Ҳокимлар маҳаллий Кенгашларга раислик қилмайди (видео)
Маълумки, янги таҳрирдаги Конституциямизда халқ депутатлари Кенгашига унинг депутатлари орасидан сайланадиган раис бошчилик қилиши ҳамда вилоят, туман ва шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашининг раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган эди.
Ана шу конституциявий асослардан келиб чиқиб, бир қатор қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Яъни, маҳаллий Кенгашларга ҳоким эмас, депутатлар орасидан сайланадиган раис бошчилик қилиши, Кенгашлар йиғилишларида ҳоким номзоди кўриб чиқилаётганида номзод ҳудудни ривожлантириш дастурини тақдим этиши шартлиги каби нормалар ўз аксини топмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг куни кеча бўлиб ўтган мажлисида қизғин муҳокама қилинди.
Қонун лойиҳасида маҳаллий Кенгашлар фаолиятини такомиллаштириш, ҳудуд ривожидаги ўрни ва иштирокини ошириш мақсадида ҳам бир қатор ўзгартиришлар акс этмоқда.
Таъкидлаш жоизки, лойиҳада белгиланган тартиблар маҳаллий Кенгашлар фаолияти самарадорлигини янада оширишга, ҳокимларнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини кучайтиришга хизмат қилади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/wBGJWEOy4IQ?si=qRC79M3t5PNdkKk5" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳтарама Комилова, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА