Ҳоким ёрдамчисидан хайрли ташаббус
Фарғона вилоятида “ҳоким ёрдамчилари” лавозимлари учун 1 минг 924 нафар номзод билан суҳбат ўтказилиб, энг салоҳиятли 1 минг 55 таси танлаб олинди. Албатта, уларнинг ўз олдига қўйган режалари катта.
2022 йил 1 январидан Бағдод туманининг “Дашт” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳоким ёрдамчиси лавозимида иш бошловчи Улуғбек Турғунбоев ҳудуддаги ёш оила учун янги 3 хонали уй қурилишига бош-қош бўлди.
Қарийб бир ойда қуриб битказилган уй ўз эгаларига фойдаланиш учун топширилди. Туман ҳокими Восилжон Назаров Убайдахон ва Дилшоджон Жабборовлар оиласи учун хайрия маблағлари эвазига қад ростлаган уйни бориб кўрди. Хоналарнинг ҳар бирига юқори эстетик дид ва малака билан зеб берилгани, кенг, ёруғ ҳамда шинам экани кишининг эътиборини тортади.
– Улуғбекни ўзимиз “топволдик”, – деди Восилжон Назаров ёш тадбиркорга нисбат берар экан. Биринчи марта кўришганимда, “аптека очаман”, кейинги сафар “иссиқхона қураман” деб ҳоли-жонимга қўймаган. Қарасам ҳам тадбиркор, ҳам халқнинг ичида юрибти. Ундан-бундан эшитсам, бир ўзи 50 нафар ёшларни иш билан таъминлаган. Тайёр кадр. Президентимиз “ҳоким ёрдамчиси” деган тизимни жорий қилганлари бежиз эмаслигига яна бир марта амин бўлдим.
3-сектор раҳбари, туман ички ишлар бўлими бошлиғи Жаҳонгир Ҳасанов томонидан ёш оилага давомли тарзда ижтимоий-моддий кўмак кўрсатиб келинмоқда. “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган Убайдахоннинг ҳам, турмуш ўртоғи Дилшоджоннинг ҳам бандлиги таъминланган. Бу томонда, маҳалла жамоатчилиги, қўни-қўшнилар ҳам қараб тургани йўқ. Оиланинг бугунгидек қувончли куни уларни-да севинтирди, албатта.
М. Сулаймонов, ЎзА