Ҳоким ёрдамчилари халқ орасида
Бухоро вилояти Қоровулбозор туманидаги 7 та маҳаллада жорий йилдан ҳоким ёрдамчилари иш бошлаган эди. Улар ўз ҳудудида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, оилалар турмуш фаровонлигини ошириш учун уйма-уй юриб аҳоли муаммоларини ўрганди. Маҳаллаларнинг асосий драйвер соҳаларини аниқлаш борасида ишлар олиб борилди.
– 2 минг 844 киши яшайдиган “Чўлқувар” маҳалла фуқаролар йиғини тумандаги шароити нисбатан оғир ва ҳар жиҳатдан ривожлантиришни талаб этадиган ҳудудлардан бири саналади, – дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Аслиддин Тиллаев. – Мутахассислигим солиқчи. Қарийб беш йил шу соҳада меҳнат қилганман. Тайинланган кунимдан бошлаб маҳалладаги барча хонадонларни обдон ўргандим. Ҳудуд оғир бўлишига қарамай ишларни режалаштириб олдим.
Маҳалла хонадонларини хатловдан ўтказиш жараёнида Аслиддин оилаларнинг турмуш шароити, ишсиз одамларнинг қизиқишларини ўрганди. Паррандачиликни йўлга қўйиш истагини билдирган 15 та оиланинг 8 тасига 400 та товуқ ва 30 та курка келтириб тарқатди.
“Тинчлик” маҳалласида яшовчи Бекзод Шодмонов оиласи ҳам жўжа парваришлаш истагини билдирган эди. Ҳоким ёрдамчисининг кўмагида олинган кредит асосида у ҳам паррандачиликни йўлга қўйди. Ҳозир Бекзод Шодмонов “Чўлқувар” маҳалласида ажратилган мўъжазгина жойда турмуш ўртоғи билан “Росс бройлер-308” зотли 1000 дона жўжа боқмоқда.
— Ҳоким ёрдамчиси оиламиз шароитини ўрганди, биз эса товуқ боқишга имкониятимиз борлигини айтдик, – дейди Бекзод Шодмонов. – Жўжа келтириб берди. Турмуш ўртоғим ҳам ишли бўлди. Жўжаларимизнинг ҳар бири 3 килограммдан тош бошса 3 миллион сўм даромад қилишимизни айтишган эди. Бу йил ҳисобидан иккинчи марта боқяпман. Ойига ўртача 5-6 миллион даромад топяпман.
Маълумот ўрнида, бройлер товуқлар 35-40 кунда тайёр бўлади. 1 дона жўжа 3-3,5 кг бўлгунига қадар 4 кг дон сарфланади.
Зариф Комилов, ЎзА