Ҳоким қабулида ижтимоий реестрдаги оилаларга алоҳида эътибор қаратилди
Сурхондарё вилоятидаги Ангор тумани ҳокими Қосим Мардоновнинг Янги ҳаёт маҳалласида ташкил этган сайёр қабулида турли муаммоларга дуч келган мурожаатчилар ва ижтимоий реестрга киритилган оилалар вакиллари қатнашди.
Очиқ мулоқот чоғида уларнинг бандлик, моддий кўмак, уй-жой, тиббий хизмат ва бошқа масалаларга оид мурожаатлари тингланиб, соҳа мутасаддилари иштирокида муаммоларнинг ечимини топиш йўллари изланди. Қўшимча ўрганиш ва тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этишни талаб этадиган мурожаатлар бўйича масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилиб, ижроси қатъий назоратга олинди.

Маҳалладаги 1 минг 115 та хонадонда 3 минг 876 нафар аҳоли истиқомат қилади. 67 та оила ижтимоий реестрга киритилган. Уларнинг 8 таси яшил, 23 таси қизил ва 36 таси сариқ тоифадаги оилалар бўлиб, сайёр қабул якунида ижтимоий реестрдаги оилаларнинг муаммоларини манзилли ўрганиш, қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш ва даромад манбаларини ошириш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб берилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири