Ҳоким ҳудудлардаги муаммоларни ўрганди
Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев бир неча кун олдин секторлар раҳбарлари ва масъуллар ҳамроҳлигида Оқолтин туманининг Андижон ва Саховат маҳаллаларида бўлиб, инфратузилма объектлари, кўчалар, фойдаланилмай келинаётган ер майдонлари, уй-жойлар олдидаги аҳоли фарзандлари ўйнаши, спорт- соғломлаштириш тадбирларини ўтказишига мўлжалланган ўйингоҳ ва болалар майдончалари, тозалик ва ободончилик билан боғлиқ юмушлар билан танишганди.Аҳоли вакиллари билан учрашиб, улар муаммоларини тинглаб, шу ернинг ўзида, масъулларга ва сектор раҳбарларига топшириқлар берганди.
Куни кеча ҳоким ушбу ҳудудларда яна бўлди. Аҳоли вакиллари, нуроний ва фаоллар билан учрашиб, берилган топшириқлар ижроси билан танишди.

Нафақат Андижон ва Саховат маҳаллаларида, тумандаги бошқа маҳаллаларда ҳам "Сайхунобод туман тажрибаси" асосида ишни ташкил этиш, ишсиз аҳолининг бандлигини таъминлаш ва уларга муносиб шарт-шароит яратиш, бўш турган, фойдаланилмаётган аҳоли томорқаларида рўзғор ва бозорбоп экин экиш ишларини йўлга қўйиш, аҳоли даромадини ошириш мақсадида мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.

Муҳими, ҳоким топшириғидан сўнг ҳудуд қиёфаси ўзгарди. Дов- дарахтларга шакл берилиб оқланди. Бўш турган аҳоли томорқалари ҳайдалиб, тўқсонбосди экинлар экилди. Аҳоли қайта хатловдан ўтказилиб, камбағал оилалар рўйхати шакллантирилиб, уларни камбағалликдан чиқариш борасидаги ишлар бошлаб юборилди.
Бундан ушбу ҳудудлар аҳолиси хурсанд. Кўрсатилаётган эътибор, ёрдам учун давлат раҳбарлари, ҳукуматимиздан миннатдор бўлишмоқда.


Ғ. Примов, Ш. Ортиқбоев (сурат), ЎзА мухбирлари