Ҳоким ҳарбийлар ҳаёти билан танишди
Самарқанд вилояти ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Эркижон Турдимов ҳарбий хизматчиларнинг яшаш шароитини ўрганиш ва муаммоли масалаларга ечим топиш мақсадида Марказий ҳарбий округнинг Самарқанд гарнизонидаги ҳарбий қисм ва муассасаларда бўлди.
Округ қўшинлари қўмондони полковник Фаррух Зиябоев ҳамроҳлигида ҳарбий хизматчиларнинг жанговар шайлигини ошириш, уларнинг хизмат фаолиятини олиб бориши учун шарт-шароитларни янада яхшилаш ва оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари ўрганилди.
Шунингдек, «Сазоғон» дала-ўқув майдонида янгича усул ва услубларда жанговар машғулотларни мунтазам олиб бориш зарурлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, Самарқанд гарнизонида жойлашган Қуролли Кучлар кичик мутахассисларини тайёрлаш марказида кичик мутахассисларнинг ҳар томонлама салоҳиятли ва юксак билимга эга бўлиши учун қулай имкониятлар ва шароитларни яратиш масалалари кўриб чиқилди.
Ғ. Ҳасанов, ЎзА мухбири