Ҳодиса сабаблари аниқланмоқда
Болалар кулгуси, ота-оналарнинг хотиржам дам олиши ва оилаларнинг хуш кайфияти учун мўлжалланган истироҳат боғида рўй берган кўнгилсиз ҳодиса жамоат хавфсизлиги масаласини яна кун тартибига олиб чиқди. Жиззах шаҳридаги “Ўрда” экологик маданият ва истироҳат боғида аттракционнинг иш жараёнида носозликка учраши оқибатида бир неча фуқаро жароҳат олди.
Дастлаб ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолар кенг

жамоатчилик эътиборини тортди. Кейинчалик Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси томонидан ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирилди.
Маълум қилинишича, воқеа Жиззах шаҳридаги “Ўрда” экологик маданият ва истироҳат боғида жойлашган, “Ниятжон нияти” масъулияти чекланган жамияти тасарруфидаги 16 ўринли аттракционда содир бўлган. Аттракцион иш жараёнида техник носозлик юзага келиши натижасида тўрт нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олган. Улар зудлик билан шифохонага ётқизилиб, тиббиёт ходимлари назоратига олинган.
Бир қарашда бу навбатдаги техникавий носозликдек туюлиши мумкин. Аммо масаланинг моҳиятига чуқурроқ назар ташланса, саволлар кўпайиши табиий. Нега инсонлар ҳаёти ва саломатлиги билан боғлиқ объектда бундай ҳолат юз берди? Назорат механизмлари қай даражада ишлаяпти? Техник кўриклар ҳақиқатан ҳам хавфсизликнинг ишончли кафолатими?
Қўмита маълумотларига кўра, мазкур аттракцион 2019 йилда ишлаб чиқарилган бўлиб, 2025 йил 5 ноябрда белгиланган тартибда техник кўрикдан ўтказилган. Демак, ҳужжатлар расмийлаштирилган, назорат тадбирлари амалга оширилган. Бироқ амалиётда содир бўлган воқеа хавфсизлик фақат қоғоздаги муҳр ва хулосалар билан эмас, балки ҳар куни, ҳар бир иш соатида таъминланиши лозимлигини яна бир бор кўрсатди.
Бугун мамлакатимизда жамоат хавфсизлиги талаблари тобора кучайтирилмоқда. Айниқса, одамлар гавжум бўладиган истироҳат масканлари, кўнгилочар мажмуалар ва аттракционларда хавфсизлик масаласига муросасиз ёндашув талаб этилади. Чунки бундай жойлардаги энг кичик эътиборсизлик ҳам инсон тақдирига дахл қилувчи оғир оқибатларга сабаб бўлиши мумкин.
Мутахассислар таъкидлаганидек, аттракционлар хавфсизлиги фақат даврий техник кўрик билан чекланмайди. Ускуналарнинг ҳар кунлик диагностикаси, эҳтиёт қисмлар ҳолати, эксплуатация қоидаларига риоя этилиши, хизмат кўрсатувчи ходимлар малакаси ва ички назорат тизими ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Жиззахдаги воқеа ана шу ҳақиқатни яна бир бор эслатди: одамлар дам олиш учун келадиган жой хавф манбаига айланмаслиги керак. Зеро, истироҳат боғидаги ҳар бир аттракцион нафақат кўнгилочар иншоот, балки инсон ҳаёти билан боғлиқ мураккаб техник қурилмадир.
Айни пайтда мутасадди ташкилотлар томонидан ҳодиса юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Унинг якунида воқеанинг аниқ сабаблари ва масъул шахслар ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилиши кутилмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА