Ходимлар саломатлиги – энг муҳим омил
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида” ги қонунида давлат фуқаролик хизматчисига тиббий хизмат кўрсатиш ижтимоий ҳимоя чораси сифатида кафолатланиши белгиланган.
Шунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Сурхондарё вилояти филиали, вилоят ҳокимлиги ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамкорлигида вилоят, туман, шаҳар ҳокимликларининг барча ходимлари бирламчи тиббий кўрикдан ўтказилди.


– Мамлакатимизда кейинги йилларда аҳоли саломатлигини таъминлаш, касалликларни эрта аниқлаб, даволашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Сурхондарё вилояти филиали раҳбари ўринбосари Шодмон Мисиров. – Шу мақсадда жойларда касалликлар ва уларни келтириб чиқарувчи хавф омилларини барвақт аниқлаш учун мақсадли тиббий кўрик ва скрининг текширувлари ўтказилмоқда. Президентимизнинг 2020 йил 12 ноябрдаги “Тиббий профилактика ишлари самарадорлигини янада ошириш орқали жамоат саломатлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Зеро, тиббий кўрик инсон саломатлигини сақлаш, касалликлар келиб чиқиши ва тарқалишининг олдини олишда муҳим ўрин тутади. Лекин, айрим давлат хизматчилари ишининг тиғизлиги ёки бепарволиги сабабли ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтмаслиги мумкин. Ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбир ходимларнинг ўз вақтида саломатлигини назорат қилишига зарур имконият яратди.


Тиббий кўрик чоғида маҳаллий ҳокимликларда фаолият юритаётган 480 дан ортиқ давлат фуқаролик хизматчиси мутахассислар текширувидан ўтди. Тиббий таҳлиллар, юзма-юз мулоқотлар асосида уларга зарур маслаҳат ва тавсиялар берилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Сурхондарё вилояти филиали вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамкорлигида муассаса ва ташкилотларнинг давлат фуқаролик хизматчиларига корпоратив маданият ҳамда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишга йўналтирилган соғломлаштириш ишларини тизимли йўлга қўйишни белгилаб олди.


Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири