Ходим иш берувчидан меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қила оладими?
Ҳуқуқий муносабат
Меҳнат муносабатлари барқарорлиги ва самарадорлигини таъминлашда ходим ва иш берувчи ўртасидаги мувозанат муҳим аҳамиятга эга. Кўпинча, меҳнат шартларини ўзгартириш ташаббуси фақат иш берувчи томонидан чиқиши мумкин деган янглиш тасаввур мавжуд. Ваҳоланки, амалдаги Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси ходимларга ҳам ўз қонуний ҳуқуқ ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда меҳнат шартларини қайта кўриб чиқишни талаб қилиш ҳуқуқини кафолатлайди.
Бу борада Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Айгерим Арипбаева қуйидагича тушунча берди:
– Меҳнат қонунчилиги, бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар ёки меҳнат шартномасида белгиланган ҳолларда ходим ишни давом эттираётган бўлса, иш берувчидан меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақли. Бу ходимнинг ёзма аризаси берилган кундан бошлаб 3 иш куни ичида иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.
Агар талаб рад этилса, иш берувчи бу қарорни ёзма равишда асослаб бериши лозим. Рад этиш сабаблари ёзма тарзда билдирилмаса ҳам, бу ҳолат ходимнинг шикоят қилиш ҳуқуқини чекламайди.
Хусусан,ходим иш вақти ёки иш тартибини ўзгартиришни, бошқа иш жойига ўтказишни сўраши, маош миқдорига оид шартларни қайта кўриб чиқишларини сўраши мумкин.
Иш берувчи ходимни соғлиғига зарар етказиши мумкин бўлган ишга қабул қилмаслиги ёки бундай ишга ўтказмаслиги шарт.
Агар иш хавфли бўлса, ходим бу ҳақда олдиндан огоҳлантирилади. Иш жараёнида ходимнинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғилса, у ушбу ишни бажаришдан бош тортишга ҳақли. Хавф бартараф этилгунига қадар ходим ишни бажармаса ҳам ўртача иш ҳақи сақланади.
Меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка биноан, айрим тоифадаги ходимлар учун иш берувчи меҳнат шартларини ўзгартиришга, жумладан, тўлиқсиз иш вақти белгилаш ёки соғлиғига мос енгилроқ ишга ўтказишга мажбурдир.
Агар ходим соғлиғи ҳолатига кўра енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омиллари таъсиридан холи бўлган ишга ўтказилишга муҳтож бўлса, бунда шифокор маълумотномаси асос бўлади.
Шунингдек, ҳомиладор аёллар, 14 ёшга тўлмаган боласи ёки 18 ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боласи бор аёллар, оиланинг бетоб аъзосини парвариш қилаётган шахслар ариза берганда уларга тўлиқсиз иш вақти белгиланиши шарт. Агар иш берувчи ходимнинг талабини рад этса, бунинг сабабини албатта ёзма шаклда маълум қилиши лозим.
Гулноза Бобоева, ЎзА