Ходим ҳуқуқи ҳимоя қилинди
Сирдарё вилоятида соғлиқни сақлаш тизими ходимининг меҳнат ҳуқуқи тикланди. Бу ҳолат касаба уюшмаларининг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги фаол иштироки ва қонун устуворлигини таъминлашдаги аҳамиятини яна бир бор намоён этди.
Республика тез тиббий ёрдам маркази Сирдарё вилояти филиали директори томонидан қабул қилинган буйруққа мувофиқ, жорий йил 19 сентябрдаги 61-сонли буйруқ билан Гулистон шаҳар 1-бўлим мудири Нафиса Реимбаевага нисбатан қўлланган интизомий жазо чораси Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Сирдарё вилояти бўйича меҳнат ҳуқуқи инспекторлари ёрдами билан расман бекор қилинди.
Нафиса Реимбаева филиалнинг Гулистон шаҳар 1-бўлими мудири лавозимида фаолият юритиб келаётган бўлса-да, филиал раҳбари томонидан унга асоссиз равишда интизомий жазо чораси қўлланилган. 2025 йил 9 сентябрда мазкур ходимга ойлик маошининг 30 фоизи миқдорида жарима белгиланган эди.
Ходим бу қарорни асоссиз деб ҳисоблаб, аввал юқори турувчи муассасаларга мурожаат қилди. Бироқ масала ижобий ҳал этилмагани сабабли у Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Сирдарё вилояти бўйича меҳнат ҳуқуқи инспекторларига ёрдам сўраб мурожаат этди.
Мурожаат асосида ўтказилган текширув натижасида, қўлланган интизомий жазо чораси амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ эмаслиги аниқланди. Шу сабабли Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Сирдарё вилояти бўйича меҳнат ҳуқуқи инспектори А. Албеков томонидан 2025 йил 19 сентябрда 66-сон билан рўйхатдан ўтказилган кўрсатма хат юборилди. Унга мувофиқ, ходимга нисбатан белгиланган жазо бекор қилиниши белгиланди.
Энг муҳими, ходимнинг ҳақ-ҳуқуқи тикланди. Унга нисбатан қўлланган интизомий жазо касаба уюшмасининг аралашуви ва қонуний назорати натижасида бекор қилинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири