Хизмат кўрсатиш соҳасида “Ўзмиллийбанк” АЖ улуши ортмоқда
Мамлакатимизда янги иқтисодий ривожланиш босқичида хизматлар соҳасини жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 майдаги “Хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш тўғрисида” ги қарори бу борада муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Хизматлар соҳасининг жойлардаги “Ўзмиллийбанк” АЖ иштирокидаги ривожланиш жараёни билан Қашқадарё вилояти мисолида танишиш мақсадида ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.
Пресс-тур доирасида иштирокчилар Банкнинг Қашқадарё вилояти филиали фаолияти билан яқиндан танишди.
Мазкур филиал ва унинг туманлардаги филиаллари ва БХМ томонидан ажратилган кредитлар ҳисобидан Қашқадарё вилоятида катта майдонларда интенсив боғлар, йирик сиғимли замонавий музлатгичлар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш марказлари, умумий овқатланиш масканлари ташкил топди. 2021 йилда тармоқлар бўйича таҳлил қилинганда саноат соҳасида – 466,3 миллиард сўмлик 29 та, қишлоқ хўжалигида – 354,3 миллиард сўмлик 17 та, хизмат кўрсатишда – 109,2 миллиард сўмлик 139 та лойиҳа амалга оширилган.
Ушбу тадбиркорлик субъектларига кредит маблағлари ажратилиши натижасида 2 минг 296 та янги иш ўрни яратилган. Шундан сўнг пресс-тур иштирокчилари Шахрисабз туманида жойлашган “Love City” МЧЖ фаолияти билан танишди. Аҳолига сифатли фотохизматларни тақдим этиб келаётган мазкур маскан лойиҳасининг умумий қиймати 1,5 миллиард сўмни ташкил этса, “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1 миллиард сўм кредит ажратилди. Бугунги кунда мазкур марказда 10 нафар фуқаро иш билан таъминланган.
Шаҳрисабз туманидаги яна бир хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юртувчи “Anhor Kesh” МЧЖ томонидан “Ўзмиллийбанк” билан ҳамкорликда ташкил этилган шинам ва мўъжазгина тамаддихона замонавий услубдаги дизайн ва интерьер ҳар қайси мижоз эътиборини тортиши табиий. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 2 миллиард 872 миллион сўмни ташкил қилса, шундан “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2 миллиард сўм кредит ажратилди. Бугунги кунда мазкур масканда 22 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланган.
Пресс-турнинг иккинчи кунида ҳам иштирокчилар “Ўзмиллийбанк” АЖ билан ҳамкорликда ижобий натижаларга эришаётган тадбиркорлик субъектларида бўлди. Жумладан, Қарши шаҳридаги “Parizoda Oltin Yulduz” НТМ, “Etalon Savdo Servis” ХК, Ғузор туманида жойлашган “Содиқбек Қаҳрамон Ўғли” МЧЖ ва “Al Khorazmiy School” МЧЖ фаолияти билан яқиндан танишди.
[gallery-7028]
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.