Хизмат кўрсатиш сифати ва ҳажми ортмоқда
Давлат хизматлари агентлиги Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи Қаюм Холов соҳадаги янгиликлар ҳақида оммавий ахборот воситалари вакилларига батафсил маълумот берди.
Таъкидлашича, жорий йилнинг дастлабки чорагида вилоятдаги давлат хизматлари марказлари жисмоний ва юридик шахсларга 150 мингга яқин давлат хизматлари кўрсатган. Ушбу хизматларнинг 137 мингдан ортиғи марказлар орқали кўрсатилган бўлса, 12 мингга яқин мурожаат ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилинган.
– Асосий мақсадимиз аҳолига тезкор, қулай ва шаффоф давлат хизматлари кўрсатиш, – дейди бошқарма бошлиғи Қаюм Холов. – Бу борада жисмоний ва юридик шахсларга янада қулайлик яратиш, уларнинг вақтларини иқтисод қилиш мақсадида 18 турдаги маълумот ва ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади.
[gallery-2215]
37 та лицензия ва 10 та рухсатнома, 16 та лицензия ва 11 та рухсатнома бирлаштириш йўли билан, 17 та лицензия ва 14 та рухсатномалар хабардор қилиш тартиби жорий этилиши йўли билан бекор қилинди. 14 турдаги лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштириш муддатлари қарийб 2 бараварга қисқартирилди. 115 та лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш тартиб-таомиллари янада соддалаштирилди.
Шунингдек, ОАВ вакилларига янги жорий қилинган давлат хизматлари турлари, бугунги кунда аҳоли томонидан кўп мурожаат бўлаётган хизматлар, ипотека кредити асосида давлат субсидиясини олишга ариза бериш, болани боғчага жойлаштириш учун ариза, бола туғилганда бериладиган бир марталик суюнчи пулини олиш тартиблари ҳақида маълумот берилди.
Брифингда соҳада амалга оширилган янгиликлар, фуқаролар учун яратилган қулайликларни кенг жамоатчиликка етказишда ОАВ вакиллари, журналист ва блогерларнинг ўрни муҳимлиги таъкидланди. Ўзаро ҳамкорликни янада юқори босқичга олиб чиқишга келишиб олинди.
Зариф Комилов, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА