Хивада соғлом турмуш тарзини тарғиб этувчи велосайр ташкил этилди (+видео)
Урганч давлат университети ректори бошчилигида олийгоҳ раҳбар ходимлари, профессор-ўқитувчилар ҳамда фаол талаба-ёшлар иштирокида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш мақсадида қадимий Хива шаҳрида велосайр ташкил этилди.
Тарихий муҳит бағрида, эрта тонгнинг мусаффо ҳавосида ўтган мазкур тадбир иштирокчилар учун нафақат жисмоний фаолликни ошириш, балки жамоа ўртасида бирдамликни мустаҳкамлаш, ижобий кайфият ва соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилди.

Таъкидланганидек, велосайр давомида ҳар бир босилган масофа иштирокчиларга жисмоний бақувватлик билан бир қаторда ички хотиржамлик ва янги ҳафта учун кучли мотивация бағишлади.
– Велоспорт нафақат спорт тури, балки соғлом турмуш тарзининг ажралмас қисми ҳисобланади, – деди университет ректори Феруза Мадраҳимова. – У инсон саломатлигига ижобий таъсир кўрсатиш билан бирга, ижтимоий фаолликни ҳам оширади. Зеро, соғлом танда – соғлом ақл. Соғлом муҳит эса юқори иш унумдорлиги ва катта ютуқларнинг гаровидир.

Қайд этилишича, бундай тадбирлар университет жамоаси ҳаётида яхши анъанага айланиб бормоқда. Эндиликда ҳафтанинг муайян кунларида мунтазам ташкил этиладиган веломарафонлар соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, жисмоний фаолликни ошириш ҳамда меҳнат самарадорлигини юксалтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/a7wtBGAB1Rw" title="Xivada sog`lom turmush tarzini targ`ib etuvchi velosayr tashkil etildi " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Аҳмаджон Шокиров, ЎзА мухбири