Хитойдан замонавий пахта териш машиналари келтирилди
Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманидаги 182 та фермер хўжалиги ва 2 та пахта-тўқимачилик кластерига қарашли 13 500 гектар майдонга яхши ниятлар билан чигитнинг ҳосилдор навлари экилганди.
Айни пайтда улар етилиб, лўппи пахталарга айланди. Энди эса уларни ёғин-сочин кунларга қолдирмай, ўз вақтида териб олиш катта меҳнат ва ташкилотчиликни талаб этади.

Бу жараённи самарали ташкил этиш ва ҳосилни йўқотишларсиз йиғиб олиш мақсадида туманга Хитойдан 40 дона “FM-World” русумли замонавий пахта териш машиналари олиб келинди.
Хитойдан келтирилган техникалар ҳамда мавжуд замонавий пахта териш агрегатларини мавсумга шайлигини синовдан ўтказиш ва тажриба алмашиш мақсадида “Бобур қишлоқ хўжалиги” кластерининг дала майдонида семинар ташкил этилди. Унда барча агрегатлар амалда синовдан ўтказилди, фермерлар ва мутахассислар уларнинг самарадорлигига гувоҳ бўлдилар.

Янги машиналар меҳнатни енгиллаштириш, теримдаги йўқотишларини камайтириш ва иш унумдорлигини ошириш билан ажралиб туради. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу йил ҳар гектардан ўртача 45 центнер ҳосил олиниши, натижада 60 750 тонна “оқ олтин” хирмони кўтарилиши кутилмоқда.

– Бу машиналар фермерлар учун катта тажриба бўлди, – дейди "Сафар Учқун" фермер хўжалиги раҳбари Наби Сафаров. – Илгари пахта терими асосан қўл меҳнатига суянган бўлса, бугунги машиналар меҳнатни енгиллаштириб, ҳосилни ўз вақтида хирмонга йиғиш имконини беради.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири