Хитойда коронавирусга қарши илк таблетка пайдо бўлди
Fosun Pharmaceutical Group фармацевтика компанияси хабар тарқатишича, Хитойда коронавирусга қарши илк таблетка муомалага киритилди.
Хабарда келтирилишича, Азвудин (Azvudine) препарати ўтган ҳафта коронавирус энг кўп тарқалган Хитойнинг Хайнань провинцияси ва Синьцзян-Уйғур мухтор тумани (СУМТ)да муомалага чиқарилган. Компаниянинг маълум қилишича, препарат COVID-19га учраган катта ёшли беморларни даволашда қўлланилади.
Азвудин препарати озиқ-овқатлар ва дори воситаларини назорат қилиш бўйича давлат бошқармаси томонидан шу йил июль охирида маъқулланган эди. Бундан ташқари, Хитойнинг соғлиқни сақлаш ишлари бўйича Давлат қўмитаси ҳам ўтган ҳафта ушбу препаратни коронавирус инфекциясини диагностика қилиш ва даволашнинг сўнгги протоколига киритди.