Хитой ва Ўзбекистон дўстлиги экранда
Ўзбекистон ва Хитой маданий алоқалари тарихида янги саҳифа очилди. Икки халқ ўртасидаги яқинлик ва чин дўстликни дунёга намойиш этиш мақсадида “Менинг тарихим, менинг шаҳрим” номли ҳужжатли фильм суратга олина бошланди.
Мазкур лойиҳа машҳур CGTN телеканали томонидан тайёрланмоқда. Тасвирга олиш жараёни Чин мамлакатининг энг йирик, бой тарихга эга киностудияларидан бири ҳисобланган “Central Newsreel and Documentary Film Studio” ижодкорлари томонидан амалга оширилмоқда.
Эътиборли жиҳати шундаки, оддий инсонларнинг ҳаёти ва тақдири асосига қуриладиган ушбу кино асари Хитойда яшаётган ўзбекистонликлар ҳамда Ўзбекистонда фаолият юритаётган хитойликларнинг самимий ва ҳаётий ҳикоялари орқали ёритилади. Шу муносабат билан 1 июнь куни Тошкентда ушбу тарихий лойиҳага бағишланган тантанали тадбир ва давра суҳбати бўлиб ўтди. Анжуманда ХХРнинг мамлакатимиздаги элчихонаси ходимлари, маданият ва санъат жамоатчилиги ҳамда икки давлат расмийлари иштирок этди.
Давра суҳбатида элчихона вакиллари ўзаро дўстликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшаётган барча жонкуяр инсонларга ҳамда юртимизда меҳнат қилаётган хитойликларга самимий миннатдорлик билдирди.
Буюк Ипак йўли асрлар давомида Хитой ва Ўзбекистон халқларини мустаҳкам ришталар билан боғлаб келгани, бугунги кунда эса давлат раҳбарлари Си Цзиньпин ва Шавкат Мирзиёевнинг оқилона сиёсати туфайли ушбу шериклик мутлақо янги, юқори босқичга кўтарилгани алоҳида таъкидланди.
[gallery-29730]
Анжуманда ҳудудлараро ҳамкорлик икки мамлакат муносабатининг муҳим пойдевори экани қайд этилди. Зеро, ҳозирги кунга қадар мамлакатларимизнинг 33 тадан вилояти ва шаҳри биродарлашган. Бундай қўшма маданий лойиҳалар дўстлик ришталарини янада мустаҳкамламоқда.
Тадбир якунида ташкилотчилар маданият ва медиа соҳаси вакилларини “Менинг тарихим, менинг шаҳрим” ҳужжатли фильмини кенг тарғиб этишда фаол иштирок этишга чақирди. Хитой элчихонаси бундан буён ҳам ҳудудлараро алмашинув ва гуманитар ҳамкорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлиги маълум қилинди.
Фардона Яхшибоева,
Ўктам Ҳайитов (сурат), ЎзА