Хитой тажрибасини ўрганишмоқда
Жорий йилнинг 4 декабрь куни Давлатимиз раҳбарининг Сирдарё вилоятига ташрифи доирасида аёлларни тадбиркорликка кенгроқ жалб этиш ва янги иш ўринлари яратиш бўйича берилган топшириқлари ижроси доирасида Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Наргиза Тожибоева раҳбарлигидаги вилоят делегацияси Хитой Халқ Республикасига хизмат сафари билан ташриф буюрди.
Сафарнинг асосий мақсади — хотин-қизларни касбга ўқитиш, иш билан таъминлаш, тадбиркорликка жалб этиш ҳамда эҳтиёжманд аёлларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш соҳасида илғор хорижий тажрибани ўрганишдан иборат бўлди. Бу ҳақда вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси хабар берди.

Ташриф таркибига туман ва шаҳар ҳокимлари ўринбосарлари, Оила ва хотин-қизлар бўлимлари раҳбарлари, фаол тадбиркор аёллар ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари кирди. Делегация аъзолари Хитойда гендер тенглигини таъминлаш, аёллар бандлигини ошириш ва хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш бўйича шаклланган самарали механизмлар билан танишмоқда.

Ташрифнинг дастлабки манзили Шенси провинциясидаги «Шенси Лютсинджоу Фуд Саенс энд Текнолоджи» — соя маҳсулотларини қайта ишлаш корхонаси бўлди. Корхона Хитойлик тадбиркор аёл, Шенси провинцияси Аёллар ишбилармонлик ассоциацияси раиси Чжоу Сутсин томонидан ташкил этилган бўлиб, ҳозирда минтақанинг энг замонавий ишлаб чиқариш майдонларидан бири ҳисобланади.

Бу ерда маҳаллий ва хорижий илғор технологик ускуналар жорий этилган бўлиб, ишлаб чиқариш жараёни тўлиқ автоматлаштирилган ва интеллектуал тарзда амалга оширилади. Янги технологик ёндашув меҳнат унумдорлигини ошириш, маҳсулот турларини кенгайтириш ва сифат барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Сафарнинг навбатдаги манзили — «Шаанхи Ялан Гроуп» Шенси текстиль фабрикаси бўлди. 33 йиллик тажрибага эга бу корхона меҳмонхоналар учун сочиқ, чойшаб, ётоқ буюмлари ва кенг турдаги текстиль маҳсулотларини ишлаб чиқаради. Фабриканинг яна бир ўзига хос жиҳати — мижозларга салфеткадан тортиб, кўрпа ва адёлларгача бўлган барча маҳсулотларни тўлиқ циклда тайёр ҳолда етказиб бериш имкониятидир.

Бу ердаги иш жараёнлари, замонавий технологиялар ва аёллар меҳнатини ташкил этиш борасидаги тажриба сирдарёликлар учун ўзга хос қўлланма бўлди. Энг муҳими, сирдарёлик делегациянинг Хитойга ташрифи давом этмоқда. Сафарнинг навбатдаги кунларида яна бир қатор йирик саноат корхоналарига ташрифлар, тажриба алмашиш учрашувлари ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган семинарлар ўтказилиши режалаштирилган.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири