Хитой ташқи савдода: экспорт қудрати ва улкан бозор имкониятлари
Хитой жаҳон иқтисодиётида ҳам йирик экспортчи, ҳам йирик импортчи сифатида муҳим ўрин эгалламоқда. Мамлакат ташқи савдосидаги ўсиш нафақат маҳсулотлар экспортининг ортиши, балки ички бозорнинг халқаро ҳамкорлар учун тобора кенгайиб бораётгани билан ҳам аҳамиятлидир.
Хитой Давлат статистика бошқармаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида мамлакат ташқи савдо ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18,8 фоизга ўсди. Жумладан, экспорт 16,4 фоиз, импорт эса 22,3 фоиз ошди.
Бу кўрсаткичлар Хитойнинг жаҳон савдосидаги иштироки кенгайиб, мамлакат бир вақтнинг ўзида йирик маҳсулот етказиб берувчи ва истеъмол бозори сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаётганини кўрсатади.
Марказий молия ва иқтисодиёт университети профессори Оуян Жихуэйнинг таъкидлашича, бу жараённи фақат ташқи савдо ҳажмининг ортиши билан изоҳлаб бўлмайди. Унда Хитойнинг жаҳон иқтисодиётидаги роли ҳам ўзгармоқда. Экспорт ва импортнинг биргаликда ўсиши мамлакат иқтисодиёти барқарорлигини таъминловчи муҳим омиллардан бирига айланмоқда.
Хитой экспорти ҳақида гап кетганда, кўпчиликнинг тасаввурида ҳали ҳам арзон ва оммавий маҳсулотлар гавдаланади. Бироқ бугунги кўрсаткичлар мамлакат экспорт таркибида ҳам жиддий ўзгаришлар юз бераётганини кўрсатмоқда.
2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида механика ва электротехника маҳсулотлари экспорти 23,7 фоизга ўсди. Уларнинг умумий экспортдаги улуши 64,3 фоизга етди. Бу эса Хитойнинг ташқи бозорга таклиф этаётган маҳсулотлари таркибида технологик жиҳатдан мураккаб товарлар салмоғи юқори эканини англатади.
China Global Television Network (CGTN) томонидан ўтказилган халқаро сўров натижаларига кўра, иштирокчиларнинг 89,2 фоизи Хитой экспорт маҳсулотларини жаҳон бозорида рақобатбардош деб ҳисоблаган. Сўралганларнинг 84,7 фоизи эса ушбу маҳсулотларнинг асосий устунликлари сифатида илғор технологиялар ва нарх ҳамда сифат ўртасидаги мақбул нисбатни қайд этган.
Шунингдек, иштирокчиларнинг 80,2 фоизи Хитой экспорт қилаётган кўплаб маҳсулотларни бошқа мамлакатларда ишлаб чиқариш имконияти чеклангани ёки бунинг учун анча юқори харажат талаб этилишини таъкидлаган.
Мутахассислар фикрича, Хитойнинг рақобатбардошлиги нафақат ишлаб чиқариш кўлами, балки унинг маҳсулотларини бошқа муқобил товарлар билан алмаштириш қанчалик қийинлиги билан ҳам белгиланади. Мамлакатнинг ривожланган ишлаб чиқариш занжирлари, тармоқлараро ҳамкорлиги ва технологик имкониятлари ташқи бозорлардаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Хитой ташқи савдосининг иккинчи муҳим жиҳати импорт ҳажмининг жадал ўсишида намоён бўлмоқда. Жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида импорт ўсиши экспорт ўсишидан 5,9 фоиз бандга юқори бўлди. Бу мамлакат ички бозорига бўлган талаб ва унинг халқаро савдодаги аҳамияти ортиб бораётганини кўрсатади.
Қарийб 1,4 миллиард аҳолига эга Хитойнинг йирик истеъмол бозори жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари учун муҳим иқтисодий имкониятлар манбаи ҳисобланади. Мамлакат 17 йилдан буён дунёдаги иккинчи йирик импортчи давлат мақомини сақлаб келмоқда. Шунингдек, қарийб 80 та мамлакат учун асосий экспорт бозорларидан бири саналади. 2026 йилнинг дастлабки етти ойида Хитойнинг 150 дан ортиқ савдо ҳамкори билан товар айирбошлаш ҳажмида импорт ўсиши қайд этилган.
CGTN сўровида қатнашган турли мамлакатлар вакилларининг 89,8 фоизи Хитой билан савдо алоқалари кўплаб давлатларда янги иш ўринлари яратилиши ва солиқ тушумлари ортишига хизмат қилаётганини билдирган.
Шу маънода, йирик импортчи сифатидаги мавқе мамлакатнинг фақат харид имкониятлари билан эмас, балки бошқа давлатлар ва корхоналарнинг иқтисодий ривожланишига туртки берадиган бозорга эга экани билан ҳам аҳамиятлидир.
Хитойнинг очиқ бозор сиёсати бу борада алоҳида ўрин тутади. 2026 йил 1 майдан бошлаб мамлакат Хитой билан дипломатик муносабатларга эга Африканинг 53 та давлати учун ноль божхона ставкалари режимини тўлиқ жорий этди. Бу Африка мамлакатлари маҳсулотларининг Хитой бозорига кириб бориши ва савдо алоқаларини кенгайтириш учун янги имкониятлар яратади.
Жаҳон савдосида протекционизм кучайиб бораётган бир шароитда ички бозорни ташқи ҳамкорлар учун очишга қаратилган чоралар халқаро иқтисодий ҳамкорликнинг барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Хитой ташқи савдосидаги ўсишнинг яна бир муҳим жиҳати хусусий сектор ва ҳудудларнинг фаоллиги билан боғлиқ. Жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида хусусий корхоналар ташқи савдоси 19,1 фоизга ўсди. Уларнинг мамлакат умумий ташқи савдосидаги улуши 56,9 фоизни ташкил қилди.
Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ташқи савдоси 19 фоизга, давлат корхоналариники эса 17,8 фоизга ўсди. Бу кўрсаткичлар ташқи савдода турли мулкчилик шаклидаги корхоналар фаоллиги ошганини кўрсатади. Демак, ўсиш фақат бир тоифадаги корхоналар ҳисобига эмас, балки иқтисодиётнинг турли секторлари иштирокида таъминланмоқда.
Ҳудудлар кесимида ҳам ўсиш суръатлари юқори. 2026 йилнинг дастлабки саккиз ойида Гуандун провинцияси ташқи савдо ҳажми бўйича мамлакатда биринчи ўринни сақлаб қолди. Провинция импорти эса 39,5 фоизга ўсди.
Айни пайтда Аньхой ва Хэнань каби марказий провинциялар ҳам мамлакат ташқи савдосидаги ўрнини мустаҳкамлаб бормоқда. Бу ташқи савдо салоҳияти фақат йирик портлар ёки анъанавий саноат марказлари билан чекланиб қолмаётгани, балки турли ҳудудлардаги ишлаб чиқариш ва логистика имкониятлари ҳисобига кенгаяётганини англатади.
Умуман, Хитой ташқи савдосидаги бугунги тенденциялар мамлакат иқтисодий салоҳиятини фақат экспорт кўрсаткичлари билан баҳолаш етарли эмаслигини кўрсатмоқда. Экспорт саноатнинг рақобатбардошлиги ва технологик имкониятларини намоён этса, импорт ички бозорнинг жозибадорлиги ҳамда халқаро ҳамкорлик учун яратилаётган имкониятларни акс эттиради.
Икки йўналишнинг биргаликда ривожланиши Хитойнинг жаҳон иқтисодиётидаги мавқеини мустаҳкамлаш, савдо алоқаларини кенгайтириш ва ташқи иқтисодий хатарларга бардошлилигини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Нилуфар Бозорова, ЎзА