БАА ва Саудия Яманни қўллаб-қувватлайди
Бирлашган Араб Амирликлари Ямандаги можарога қайта қўшилиш, хусийларга қарши курашаётган баъзи ҳукумат кучларига тўловни қайта тиклашга рози бўлди. Бунинг эвазига Саудия Арабистони ушбу кучларни ҳаводан ҳимоя қилади, дея хабар тарқатди “The Guardian” нашри манбаларга таяниб.
Жанубий тузилмалар, асосан “Гигант бригадалар” илгари БАА томонидан ўқитилган ва молиялаштирилган. Бу гуруҳлар парчаланиб кетган хусийларга қарши коалициядаги энг самарали кучлардан бири ҳисобланади. Январь ойида Амирликлар Ямандаги фаолиятини тўхтатиб, мазкур бўлинмаларни молиялаштирмай қўйганди.
Янги келишув Яманнинг келажаги бўйича чуқур келишмовчиликка эга БАА ва Саудия яқинлашувининг дастлабки аниқ белгисидир. Зеро, мамлакатда хусийлар олдинга силжиши Форс кўрфази давлатларидаги хавотирни кучайтирмоқда.

Яманнинг халқаро миқёсда тан олинган ҳукумати Эроннинг мамлакат инқирозида ўзини “воситачи” сифатида кўрсатишга уринишини қатъиян инкор этди. Расмийлар таъкидлашича, “Хусийларни қуроллантиришда давом этиш ва қўллаб-қувватлаш Теҳронни мулоқот воситачиси эмас, балки урушда бевосита иштирок этувчи томон” эканини исботлайди.
– Эрон режими воситачилик таклиф қилиш ўрнига, Ямандан қўлини тортиши, қуролини олиб кетиши, мамлакатлар суверенитетини ҳурмат қилиши ва яхши қўшничилик тамойилига амал қилиши керак, – деди Яман ташқи ишлар вазири Афра Абдулазиз Ал-Зуба.
У Ислом Республикаси таклифини “Яман халқи ва Эрон қуроли қурбонлари оилаларига қарши бузғунчилик” дея таърифлади.
С.Раҳимов, ЎзА