Хитой сафарномасида Темурийлар дипломатияси
Темурийлар даври солномаларида Турон замини азал-азалдан қўшни давлатлар билан узвий алоқада бўлганлиги келтирилади.
Сиёсий жараёнларни ёритишда Aбдураззоқ Самарқандий, Мирхонд, Ҳофизи Aбрў сингари тарихчилар, Ғиёсиддин Наққош каби ижодкорларнинг ўрни аҳамиятлидир. Улар сафарларга амир карвони билан бориб, жараённи батафсил ёзиб қолдирганлар.
Шундай сафарлардан бири 1419-1422 йилларда Хитой давлатига бўлади. Императорнинг таклифига кўра, Темурийлар давлатидан катта элчилар гуруҳи карвонлари йўл олган ушбу сафарда Ғиёсиддин Наққош ҳам қатнашган.
Маълум бўладики, Ғиёсиддин Наққош кейинчалик Ҳирот шаҳрида Мирзо Бойсунғур илм-фан вакилларига ҳомийлик қилиб, ижод қилиши учун шарт-шароитлар яратиши ҳақида эшитади. Бу шаҳарда яшаб Мирзо Бойсунғурнинг эътиборини қозонади. Сўнг шаҳзоданинг вакили сифатида Хитойга бораётган элчилар таркибига киритилади. Ғиёсиддин Наққош Хитойга сафари чоғида Мирзо Бойсунғур топшириғи билан барча кўрган-кечирганларини кундалик шаклида ёзиб боради ва сафардан қайтгач, уни шаҳзодага тақдим этади.
Ғиёсиддин Наққошнинг “Кундалик” асари аниқ тафсилотларга бойлиги муаллифнинг ҳар томонлама савияси кенглигидан далолат беради. Масалан, асарда Мўғулистон ҳудудида карвонлар хавфсизлигига таҳдид солган ҳолатлар, Хитой чегарасидаги божхона тартиби, элчилар ташрифи шарафига ташкил этилган тўйлар, император саройининг ҳашамати ва ундаги тантанали қабул маросими, Хитой халқининг урф-одатлари ҳақида муҳим маълумотлар келтирилади. Унда Буюк ипак йўли орқали Хитойдан то Мовароуннаҳр ва Хуросонгача карвонлар қатнови, унинг Марказий Осиё орқали ўтган ҳудудлари, йўл бўйлаб жойлашган шаҳарлар, манзиллар, карвон йўллари ўтган жойларнинг ер юзаси, иқлими, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, хўжалиги, аҳолиси ҳақида маълумотлар баён этилган. Хитой сафарномаси Темурийлар давлати элчилик ва савдо алоқаларидан сўзловчи қимматли манба ва мусулмон Шарқ мамлакатларида Хитой ҳақида анчагина тўла маълумотлар қайд этилган ягона ёзма ёдгорлик сифатида ҳам тарихда қолди.
Ғиёсиддин Наққош “Сафарнома”сининг ёзилиши бевосита ХIV-ХV асрларда Марказий Осиё билан Хитой ўртасида элчилик муносабатларининг тикланиши ва ривожи асосида амалга ошади. Ўз вақтида соҳибқирон Aмир Темур бир икки марта Мўғулистонга юриш қилиб уни давлати таркибига киритгач, Мовароуннаҳрдан Хитойга борадиган карвонлар учун савдо йўллари хавф-хатардан холи бўлади. Шундан сўнг Aмир Темур давлати билан Хитой ўртасида элчилик ва савдо алоқалари йўлга қўйилади, қадимги Буюк ипак йўли орқали савдо карвонлари қатнови мунтазам тус олади. Шоҳрух Мирзо салтанатида халқаро савдо-элчилик алоқалари янада кенгайди, Темурийлар давлати билан Хитой ўртасида савдо-элчилик муносабатлари ҳам ривожланди.
Шундай қилиб 1420 йилнинг 25 февралида барча элчилар бирлашиб, яна Хитой томон йўл оладилар ва 24 август куни Хитой ҳудудига кирадилар. Наққошнинг ёзишича, Хитойга қарашли биринчи катта шаҳар Сокжуда императорнинг хос надимлари элчиларни тантана ва эҳтиром билан кутиб олади ва катта дастурхон ёзиб зиёфат беради.

Наққош Пекин шаҳридаги император саройи ва ундаги қабул маросимларини тўлиқ тафсилотлар билан баён этади. Маълумки, 1420 йилда Мин сулоласи вакили император Чжу Ди ўзи учун қурилган янги саройга кўчиб ўтади. Aйни пайтда ҳам мазкур иншоот ер юзидаги ҳукмдорлар саройлари орасида энг каттаси саналади. Темурийлар салтанатининг элчилари ана шу тарихий воқеанинг гувоҳи бўлади ва шу муносабат билан ўтказилган байрам тантаналарида ҳам иштирок этади.
Ғиёсиддин Наққошнинг “Сафарнома” асари Темурийлар даври дипломатияси, Хитой аҳолисининг сиёсий ва ижтимоий ҳаёт тарзини ўрганишда ўқувчиларга бебаҳо қўлланма вазифасини ўтайди.
Ҳ. AҲМЕДОВА,
Темурийлар тарихи давлат
музейи илмий ходими,
М.МУҚИМОВА,
Тошкент давлат шарқшунослик
университети иккинчи курс магистранти.