Хитой қандай қилиб қашшоқликни бартараф қилди?
Хитойнинг қашшоқликка қарши курашдаги муваффақияти замирида, муҳтожларга шунчаки пул тарқатиш эмас, балки муаммога тизимли ёндашув ётибди. Бироқ эришилган натижаларни янада мустаҳкамлаш лозим, дейди Taihe таҳлил марказининг катта илмий ходими Лэй Чжитянь РИА Новости мухбири билан суҳбатда.
Чоршанба куни ХХР раиси Си Цзиньпин Хитойда қашшоқлик устидан тўла ғалаба қилингани ҳақда баёнот берган эди. 8 йил давомида мамлакатда 100 миллион киши қашшоқлик ботқоғидан халос бўлди. Шундай қилиб Хитой БМТнинг 2030 йилгача қашшоқликни тугатиш бўйича мақсадларини 10 йил аввал уддалади, деди давлат раҳбари Си Цзиньпин.
"Ўйлашимча, қашшоқликни енгишдаги муваффақият замирида асосан масалани ҳал қилишдаги ўзига хос ёндашув ётибди. Бу масалани бир мартада ечиш учун қашшоқларга шунчаки пул тарқатишни назарда тутмайди. Бу муаммони ҳал қилишга тизимли ёндашувдир", — деди эксперт.
Унинг таъкидлашича, Хитой ҳукумати қашшоқлик муаммосига таълим, бандлик, саноатни ривожлантириш йўли билан ечим топмоқда. Саноатни қўллаб-қувватлаш таълимни қўллаб-қувватлаш деганидир, таълимни қўллаб-қувватлаш камбағалларни қўллаб-қувватлаш деганидир. Бундан ташқари, қашшоқ оилаларни кўчириш ва инфратузилмаларни барпо қилиш ёрдамида қашшоқликка қарши кураш дастурлари ҳам мавжуд.
"Масалан, йўлларни қуриш воситасида коммуникация муаммосини ҳал қиламиз, бу қашшоқликка қарши курашнинг энг аниқ чораларидир. Бу алоҳида бир одамнинг муаммоси эмас, балки масаланинг туб ечими ҳисобланади. Шу боис ушбу чоралар барқарор ва узоқ муддатли дастур ҳисобланади. Тўғри, натижаларга жуда секин эришилади, бироқ бир неча ўн йилдан буён олиб бораётган саъй-ҳаракатларимиз, айниқса сўнгги ўн йилда олиб борган сиёсатимиз оз-оздан бўлса-да бугунги катта ғалабага олиб келди. Ўйлашимча муваффақиятимизнинг асосий омили ҳам шунда", — деб ҳисоблайди Лэй Чжитянь.