Ҳисобот-сайлов конференцияси ўтказилди
Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.
Унда федерациянинг 2021–2026 йиллардаги фаолияти сарҳисоб қилиниб, келгуси беш йилликда амалга ошириладиган устувор вазифалар муҳокама этилди.
Конференцияда Қорақалпоғистон Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси вазифасини бажарувчи Р.Шамуратовнинг ҳисобот маърузаси тингланди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 майдаги “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мамлакатда фаолият кўрсатаётган жамоатчилик ташкилотлари роли ва аҳамияти, ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича янги даврни бошлаб берди.
Бугунги кунда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш, давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳисобдорлик, жамоатчилик назорати, ижтимоий шериклик, давлат грантлари, субсидиялар, ижтимоий буюртмалар, волонтёрлик ҳамда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларига бевосита дахлдор бўлган янги таҳрирдаги Конституция ҳамда жами 27 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат соҳа ривожига хизмат қилмоқда.
[gallery-32381]
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳуқуқий база товарлар, ишлар ва хизматларнинг сифати, хавфсизлиги ва нархи, улар ҳақида ахборот бериш, шартнома муносабатлари, тўловлар, электрон савдо, коммунал хизматлар, транспорт, банк-молия, соғлиқни сақлаш, таълим, қурилиш, озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда бошқа соҳалардаги муносабатларни қамраб олади.
Қорақалпоғистон Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси, шаҳар ва туман жамиятлари томонидан ўтган 5 йил мобайнидага фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлашда федерация, шаҳар ва туман жамиятлари фаолиятларини мувофиқлаштирган ҳолда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси Уставида белгиланган вазифаларни бажариш юзасидан муайян ишлар амалга оширилди.
Қорақалпоғистон Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси тизимида бугунги кунда 17 та шаҳар, туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти фаолият кўрсатмоқда. Ташкилот, корхона, муассаса ва ўқув юртларида шаҳар, туман жамиятлари томонидан 67 та таянч гуруҳи ташкил этилган, федерация сафига аъзо бўлганлар сони 39 минг 8 нафарни ташкил этади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 25 августдаги “Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида жойлашган умумий ўрта таълим муассасаларида соғлом овқатлантириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан республика ҳудудидаги умумий ўрта таълим мактабларининг 1–4-синф ўқувчиларини соғлом овқатлантиришни ташкил этиш, овқатларни тайёрлаш ва етказиб бериш бўйича аутсорсинг, кейтеринг ва бошқа хизматларнинг сифати, ошхоналарнинг тозалиги ҳамда санитария ҳолати мониторинг қилинди. Ўрганиш давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда ваколат доирасида тегишли чоралар кўриш учун тўпланган материаллар Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълим вазирлигига юборилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли шаҳар, туман тиббиёт марказларида, кўп тармоқли марказий ва оилавий поликлиникаларда иш-режага асосан жамоатчилик мониторинглари ўтказилиб, якуни бўйича соҳага оид юқори турувчи ташкилотларга таҳлилий маълумотлар киритиб келинмоқда.
Мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли Давлат ва нодавлат болалар боғчаларида ҳам жамоатчилик мониторинглари ўтказилди. Унда тарбияланувчиларга яратилган шарт-шароитлар, таълим сифати, озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлиги масалалари ўрганилди. Мониторинглар якуни бўйича соҳага оид юқори турувчи ташкилотларга таҳлилий маълумотлар киритилди.
2025-2026 ўқув йилида Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида таълим олувчилар учун яратилган шарт-шароитлар бўйича жамоатчилик мониторинглари ўтказилиб, якуни бўйича юқори турувчи ташкилотларга таҳлилий маълумотлар киритилди. Бундан ташқари, ички истеъмол бозорларида яроқлилик муддати ўтган озиқ-овқат маҳсулотларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Федерацияга, шаҳар ва туман жамиятларига ўтган 5 йил давомида истеъмолчилардан 3 минг 263 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатларни ўрганиш натижасида истеъмолчилар фойдасига 2 миллиард 650 миллион 730 минг сўм ундирилди. Шундан, ушбу йиллар давомида Суд органлари орқали 5 та мурожаат кўриб чиқилиб, 47 миллион сўм истеъмолчи фойдасига ҳал этилган.
Аҳолининг ҳуқуқий билими, истеъмол маданиятини ошириш мақсадида шаҳар ва туманлардаги маҳалла фуқаролар йиғинларида, корхона, ташкилот ҳамда муассасаларда истеъмолчиларнинг асосий ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши борасидаги тарғибот ишларини жамиятлар ва жойлардаги таянч гуруҳлари саъй-ҳаракатлари билан “Юксак истеъмол маданияти сари”, “Истеъмол маданиятини ошириш-давр талаби”, “Биз барчамиз истеъмолчимиз”, “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш - аҳоли турмуш даражасини оширишнинг муҳим омилидир”, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари - қонун ҳимоясида”, “Фуқароларнинг мурожаатлари ҳамиша эътиборда” каби мавзуларда ўқув-семинарлар, давра суҳбатлари ўтказилди.
Ёш авлоднинг ҳуқуқий онги ва истеъмолчилик маданиятини юксалтириш мақсадида умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчилари ўртасида ҳар йили “Мен ёш истеъмолчиман” мавзусида иншолар кўрик-танлови ташкил этилиб, ғолиб ва фаол иштирокчилар муносиб рағбатлантирилиб келинмоқда. Шунингдек, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган фаолларни тақдирлаш ишлари амалга оширилди.
Ҳар йили 15 март — “Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқлари куни” муносабати билан барча шаҳар ва туман жамиятлари томонидан семинарлар ва ҳуқуқий-маърифий учрашувлар ташкил этилади.
Федерация Қозоғистон “Миллий истеъмолчилар лигаси”, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти, Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ва Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси фаолиятини 2027–2031 йилларда ривожлантириш концепцияси лойиҳаси ҳам муҳокама қилиниб, маъқулланди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси ҳамда Кенгаш аъзолари, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси конференциясига вакиллар сайлаш, федерациянинг шаҳар ва туман жамиятлари фаолиятига доир бошқа жорий масалалар кўриб чиқилди ва тегишли қарор қабул қилинди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА