Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлиги янги босқичда (+видео)
Бугунги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасида самарали ҳамкорлик муносабатлари йўлга қўйилган бўлиб, мазкур йўналишдаги ўзаро ҳамжиҳатлик давлат ва жамият манфаатларига хизмат қилмоқда.
Ушбу ҳамкорликнинг амалий натижаларидан бири сифатида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда Консорциум ташкил этилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Мазкур тузилма таълим, илм-фан ва амалиёт интеграциясини кучайтириш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда соҳада замонавий ва инновацион ёндашувларни жорий этишга хизмат қилмоқда.
"Ўзбекистон — 2030" стратегиясида белгиланган устувор вазифалар доирасида таълим жараёнини амалиёт билан узвий боғлаш, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш, Консорциум фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда уни минтақада етакчи, халқаро миқёсда эътироф этилган марказга айлантириш мақсадида Жамоат хавфсизлиги университетида олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасалари курсантлари ўртасида Спартакиада мусобақалари ташкил этилди.
Спартакиада дастуридан қўл жанги, тактик тўсиқлар йўлагини енгиб ўтиш, қурол билан манипуляция қилиш ва тактик ҳаракатлар, дрон-рейсинг, дрон-футбол, киберхавфсизлик бўйича хакатон ҳамда Counter-Strike 2 мусобақалари ўрин олди.
Ҳар бир беллашув иштирокчилардан жисмоний куч ва чидамлилик билан бирга, тезкорлик, аниқлик, стратегик фикрлаш ва юксак маҳоратни талаб этди. Қўл жанги бўйича олтита вазн тоифасида ўтказилган мусобақада Жамоат хавфсизлиги университети жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўрин Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясига, учинчи ўрин Божхона институтига насиб этди.
Қурол билан манипуляция қилиш ва тактик ҳаракатларни амалга ошириш, шунингдек, тактик тўсиқлар йўлагини енгиб ўтиш баҳсларида ҳам университет курсантлари барча рақибларидан устун келиб, ғолибликни қўлга киритишди.
Замонавий технологиялар йўналишидаги мусобақаларда ҳам муносиб натижалар қайд этилди. Киберхавфсизлик бўйича хакатонда Жамоат хавфсизлиги университети биринчи ўринни эгаллади.
Дрон-рейсинг мусобақасида Қуруқликдаги қўшинлар институти ғолиб бўлган бўлса, дрон-футболда университет жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди. Counter-Strike 2 киберспорт мусобақасида эса Божхона институти жамоаси ғолибликни нишонлади.
Шу тариқа, Спартакиада давомида курсантлар ўзларининг жисмоний имкониятлари, билим ва амалий кўникмалари, тезкор қарор қабул қилиш ҳамда жамоа билан ҳамжиҳатликда ҳаракатланиш қобилиятларини намойиш этдилар.
Айниқса, Жамоат хавфсизлиги университети курсантларининг бир қатор йўналишларда биринчи ўринни қўлга киритгани таълим муассасасида жисмоний ва амалий тайёргарликка қаратилаётган эътиборнинг амалий натижаси бўлди. Мусобақалар якунида ғолиб ва совриндорлар диплом ҳамда кубок билан тақдирланди. Спартакиада ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасалари курсантлари ўртасида дўстлик, ҳамжиҳатлик ва соғлом рақобат муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
М.Турдалиева, А.Аҳмедов.ЎзА