Ҳисоб палатасига янги ваколатлар бериляпти
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар дастлаб «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилди.
– Қонун лойиҳасига кўра, манфаатлар тўқнашувини тартибга солишнинг аниқ қонуний механизми, унда давлат назорати амалга оширилиши белгиланяпти, – дейди депутат Зафар Худойбердиев. – Давлат хизматчиларининг бевосита раҳбарлари томонидан манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари юзага келганда тегишли чоралар кўришда қонун устуворлиги, давлат хизматчилари томонидан коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир қилинишининг олди олиниши каби масалалар қамраб олинмоқда. Фракциямиз аъзолари билан мазкур қонун лойиҳасини обдон муҳокама қилиб, ўз таклиф ва эътирозларимизни билдирдик.

Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси кўпчилик овози билан қўллаб-қувватланди.
Шундан кейин йиғилишда «Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси фаолияти янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, Қонун лойиҳасида Ҳисоб палатасининг давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик ҳамда бюджет ташкилотларида мол-мулкни ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан оз миқдорда талон-торож қилганлик учун баённомалар расмийлаштириш ҳуқуқини белгилаш назарда тутилган.
Бундан ташқари, Ҳисоб палатаси томонидан тафтиш, текшириш ва ўрганишларни амалга ошириш тартиби назарда тутилиб, уларнинг фарқли томонлари акс эттирилмоқда.
Фракция аъзолари қонун лойиҳаси бўйича ўз фикр ва таклифларини билдирдилар.
М.Комилова, ЎзА