Ҳиндистоннинг “Республика куни” байрами нишонланмоқда
Ҳар йили январь ойи сўнгида Ҳиндистонда Республика куни кенг миқёсда байрам қилинади. Шу муносабат билан мамлакатда қатор тадбирлар ўтказилади. Анжуман дастурини тарихий объектларга ташриф, парад-фестиваль, турли рақс ва ўйинлар билан бойитиш анъанага айланган. Эндиликда Ҳиндистоннинг “Республика куни”, ҳатто, дунё бўйлаб нишонланаётгани эътиборга молик.
Мақолани 1950 йил 26 январь куни, шунингдек, Ҳиндистон Конституцияси кучга киргани, халқнинг суверен давлатга интилиши самара берганини эътироф этиш билан бошлаш жоиз, деб билдик. Боиси, бу йил мамлакат Республика кунининг 74 йиллиги билан бирга Британия ҳукмронлигидан мустақилликка эришилганидан уч йил ўтиб кучга кирган Конституция кунини ҳам нишонлайди.
Ҳинд диёри 1947 йил мустақилликка эришган бўлса-да, эркин Ҳиндистон Конституциясини тайёрлаш вазифаси 1946 йилда таъсис йиғилиши томонидан илгари сурилган. Мазкур истиқболли ҳужжат икки йил-у тўққиз ой давомида ишланган ва бир неча сессия давомида муҳокама қилинган. Ҳақиқатан ҳам дунёдаги энг узун ёзма қомус Ҳиндистон фуқаролари тенглигини ҳамда барча учун ижтимоий ва иқтисодий адолат асосида иш юритиш даврини бошлаб берди.
Конституция парламент бошқаруви шаклини назарда тутувчи муайян унитар хусусиятга эга федерал тузилишга эга. Иттифоқ ижро ҳокимиятининг конституциявий раҳбари Президент ҳисобланади. Мамлакатнинг энг олий ушбу қонуни асосий сиёсий кодекс, тузилма, тартиб, ваколат ва ҳукумат институтлари мажбуриятини, директив тамойилни белгилайди, фуқаролар ҳуқуқини таъминлайди.
Миллий байрам – Республика куни Ҳиндистон тарихидаги муҳим воқеа билан боғлиқ сана. Мактабларда бу кун ватанпарварлик ғайрати ва иштиёқи ила қарши олинади. Маданий дастурлар, чиқишлар ташкил этилади.
26 январь ҳиндлар учун яна бир муҳим аҳамият касб этади. 1930 йил Ҳиндистон Миллий Конгрессининг Лаҳордаги сессиясида “Poorna Swaraj” резолюция қабул қилинган. Республика куни арафасида Президент соат 19:00 да халққа мурожаат қилади. Раҳбарнинг мурожаати мамлакат радиоси миллий тармоғи орқали тарқатилади, барча телеканаллар орқали ҳинд тилида, сўнгра инглиз тилида эфирга узатилади.
Асосий байрам пойтахт Деҳлида, ранг-баранг ижтимоий, маданий меросни тарғиб этувчи дастурлар, фестиваль, спектакл, томоша ва юришларни ўз ичига олган махсус йиғинлар кўринишида ташкил этилади. Деҳлида ўтадиган Республика куни паради энг катта воқеликдир. Таълим муассасаларида сана муносабати билан иншо ва бежирим либослар танловлари, викторина, турли ўйинлар, маданий тадбирлар, аҳоли фаровонлиги уюшмалари ва жамиятлари бу кунни юқори савияда нишонлаш мақсадида мусобақалар уюштирилади.
Ҳар йили 29 январда Вижай Човк ҳудудида ўтказиладиган маросим Республика кунининг якуний нуқтаси ҳисобланади. Бу гал ҳам, анъанага мувофиқ, асосий меҳмони – мамлакат етакчиси тадбир жойига тансоқчилари ҳамроҳлигида, отлиқ қўшинда келди. Президент ҳозир бўлгач, оммавий ансамбллар Ҳиндистон миллий мадҳиясини ижро этди. Шу вақтнинг ўзида Давлат байроғи кўтарилди.
Дарҳақиқат, кейинги пайтда Ҳиндистон фахрланишга арзийдиган ютуқларга эришди. Мамлакат бугунги кунда бешинчи йирик иқтисодиётга эга, пандемиядан кейинги даврда ҳам энг тез тикланаётган давлатлар қаторидан ўрин олди.
Бугунги кунда мамлакат коинот, ядро фанлари соҳаларидаги илмий ва технологик ютуқлар остонасида турибди. Ўта илғор ахборот технологиялари билан таъминланган экология тизимларидан бирига, дунёдаги энг кўп рақамли молиявий операцияларга эга бўлган сеҳрли диёр бўйлаб 2022 йил 70 миллиард транзакция амалга оширилган.
Ҳиндистон фуқаролари сони ўтган йил охирида 1 миллиард 417 миллиондан ошди. Бу Хитой аҳолисидан беш миллион кўп. Шунинг баробарида аксар соҳалар илдам тараққий этишда давом этяпти. “World Population Review”, 18 январь ҳолатига кўра, Ҳиндистон аҳолиси 1.423 миллиардга етганини тахмин қилмоқда, бошқа бир тадқиқот тузилмаси – “Macrotrends” эса мамлакатда 1.428 миллиард киши истиқомат қилаётганини айтган.
Эътиборли жиҳати шундаки, Ҳиндистон бир вақтнинг ўзида қатор йирик халқаро ташкилотлар фаолиятига ижобий таъсир ўтказяпти. Мамлакат жорий йил Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Катта йигирматаликка раислик қилмоқда, яқинда Бош вазир Нарендра Моди бошчилигида 130 дан зиёд мамлакат иштирок этган “Глобал Жануб овози” онлайн-саммитига мезбонлик қилди.
“Катта йигирматалик” аъзолари дунё аҳолисининг учдан икки қисмига ва глобал ЯИМнинг 85 фоизига эгалик қилади. Шу боис Ҳиндистон “Ягона овоз, ягона мақсад” шиорини қабул қилди ва ривожланаётган мамлакатлар манфаати ва ташвишини, шунингдек, асосий глобал платформалар эътиборидан четда қолган устувор йўналишларни илгари суришга интилади.
Шу ўринда тобора яхшиланиб бораётган Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги яқин муносабатга ҳам эътибор қаратиш жоиз. Бой тарих ва ўзига хос маданиятга эга мамлакат сифатида машҳур Ҳиндистонни биз кўп асрлик маданий, савдо-иқтисодий ҳамкор, самимий дўст ўлка сифатида биламиз. Мазкур давлат билан узоқ муддатли стратегик шерикликни мустаҳкамлаш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган.
Тошкентда ҳам Ҳиндистоннинг мамлакатимиздаги элчихонаси томонидан мамлакатимиз Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида Республика куни муносабати билан тадбир ташкил этилди.
Қатор вазирлик, идоралар раҳбарлари, дипломатик ваколатхоналар вакиллари ва элчилар иштирок этган маросимда ушбу сана тарихи, умуман мамлакатдаги сиёсий-иқтисодий, маданий ва ижтимоий ҳаёт хусусида маълумот берилди. Анъанага кўра, меҳмонлар тадбир залига кираверишда Элчи Маниш Прабҳатни мамлакат миллий байрамининг 74 йиллиги билан қутлагач, шу ернинг ўзида ҳиндлар турмуш тарзига оид қизиқарли урф-одатлар намойиш қилинди.
Анжуман Ўзбекистон ва Ҳиндистон мадҳиялари садоси билан бошланди. Шундан сўнг жаноб Прабҳат икки мамлакат ўртасидаги муносабатнинг жорий ҳолати ва истиқболи хусусида қисқача сўз юритди. Ўзаро савдо миқдори илк бор 700 миллион долларга етгани ва натижада Ҳиндистон Ўзбекистоннинг энг йирик савдо шериклари ўнлигига кирганини таъкидланди.
– Дунё бўйлаб давом этаётган турли низолар бизни озиқ-овқат, ёқилғи ва ўғит инқирози ёқасига олиб келди, – дея айрим муаммоларга тўхталди элчи. – Маълумки, яқинда “Катта йигирматалик”нинг навбатдаги саммитида Президент Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди ва давлат раҳбарлари сессиясида ҳамкасблари эътиборини жалб этган қимматли таклифларни баён этди.
2023 йил БМТ томонидан “Халқаро тариқ йили” деб эълон қилинган. Бу ғоя Ҳиндистон томонидан таклиф қилинган эди. Тариқ,асосан, қуруқ ерда, нисбатан кичик майдонда етиштириладиган дон тури мажмуаси ҳисобланади. Буғдой ва гуруч каби бошқа донли экинларга нисбатан жуда кам сув талаб қилади, бой озуқавий қийматга эга.Шу сабабли барқарор дон таъминоти ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдатариқ муҳим ўрин тутади.
– Мурожаатим шундан иборатки, келинг, овқатланиш рационига тариқ донларини кўпроқ қўшайлик, – деди элчихона раҳбари. – Биз маросим доирасида тариқ ҳақида кичик кўргазма ташкил қилдик. Элчихонамиз бу йил Ўзбекистонда тариқни оммалаштириш бўйича бир неча тадбир ўтказишни режалаштирган. Умид қиламанки, ҳаммангиз бизни қўллаб-қувватлайсиз.
ЎзА мухбири
Беҳруз Худойбердиев тайёрлади.