Ҳиндистонда туннель ўпирилиб тушди
Ҳиндистон медиа-нашриёт компанияси – “Indian Express” ёзишича, мамлакат шимолида, Ҳимолайнинг Уттараҳанд штатидаги туннель емирилиши ортидан ишчилар 24 соатдан кўпроқ вақт давомида қамалиб қолган.
Якшанба куни эрта тонг содир бўлган фалокатни бартараф этиш учун зудлик билан қутқарув гуруҳи етиб борган.
– Ичкарида қолган 40 нафар ишчининг ҳаммаси соғ-саломат, – дея воқеа жойидан хабар берди Табиий офатга қарши кураш миллий кучлари катта қўмондони Карамвир Сингх Бхандари. – Уларга сув, озиқ-овқат етказиб турдик.
Дастлаб алоқа қоғоз парчасига ёзиш орқали амалга оширилиб, кейин қутқарувчилар радио-телефон ёрдамида уланишга муваффақ бўлган.
Қутқарув хизмати расмийси Дургеш Ратходи айтишича, эксковаторлар, тахминан, 20 метрлик ҳудуддан оғир қолдиқларни олиб ташлаган.
Яна бир масъул вакил Девендра Патвал ҳодиса жойида 400 метрлик буфер, яъни бўшлиқ ҳосил бўлгани эвазига ҳаво етишмаслик ҳолати кузатилмаганини таъкидлади.
Силкяра ва Дандалгаон манзиллари ўртасида 4,5 километрлик туннель Уттаркаши, Ямунотри каби муқаддас зиёратгоҳларни боғлаш учун қуриляпти.