Ҳиндистон Россия ва Украинага бир қатор тинчлик ташаббусларини етказди
Ҳиндистон Россия ва Украинага Қора денгизда кема ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва энергия ресурслари ҳамда озиқ-овқат экспорти бўйича таклифларни етказди, деди мамлакат ташқи ишлар вазирлиги вакили Рандир Жайсвал.
– Украина ва Россия билан мунтазам алоқани сақлаган ҳолда, биз ҳар икки томонга қатор таклифларни етказдик, – деди у брифингда. Бу ташаббуслар Қора денгизда кемалар хавфсизлигини таъминлаш, икки мамлакатнинг энергия ва озиқ-овқат экспортидаги манфаатини ҳисобга олиш ва ҳарбий ҳужумдан тийилишнинг турли йўлларини ўрганиш билан боғлиқ.
Душанба куни Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Владимир Зеленский билан телефон орқали суҳбатда Россия – Украина можароси мулоқот ва дипломатия йўли билан ҳал қилиниши кераклигини айтган. Шундан сўнг Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Субраманьям Жайшанкар РФ ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан суҳбатлашди.
– Улар ушбу низо билан боғлиқ дипломатик ташаббусларни муҳокама қилди, – дея қўшимча қилган ТИВ вакили.
Жайсвал қўшимча қилишича, Нью-Деҳли бошиданоқ тинчликни фақат дипломатия ва мулоқот орқали тиклаш мумкинлигига ишонган.
С.Раҳимов, ЎзА