Ҳиндистон пойтахтида карантин бешинчи бор узайтирилди
Ҳиндистон пойтахти Деҳли ҳукумати коронавирус тарқалиши кучайгани боис карантинни бешинчи бор узайтирганини эълон қилди. Энди чекловлар май ойининг охиригача давом этади, дея маълум қилди пойтахт бош вазири Арвинд Кежривал.
"Биз коронавируснинг бу галги тўлқини қанча вақт давом этишини билмагандик. Аммо Деҳли аҳолиси ҳамкорлик қилди, бир оила аъзоларидек бўлиб вирусга қарши курашди. Айни дамда вакцина танқислиги сезилмоқда. Бироқ ишонаманки, биз бу масалага ҳам ечим топамиз", — деди Кежривал брифинг пайтида.
Унинг таъкидлашича, карантинни бекор қилиш ҳам босқичма-босқич амалга оширилади.
Деҳли ҳукумати 19 апрелда карантин эълон қилган эди. Фақат ҳокимият органлари, касалхоналар, полиция ва ёнғинга қарши кураш хизмати, озиқ-овқат дўконлари, банк фаолиятларига, шунингдек, сув, электр ва интернет хизматларига рухсат берилганди.
Ҳиндистон ҳозир коронавирусга чалинганлар бўйича дунёда иккинчи ўринда бормоқда. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, COVID-19 билан касалланганлар сони мамлакат бўйича жами 26,5 миллион кишини ташкил этмоқда, 300 мингга яқин киши коронавирус қурбони бўлди.