Ҳиндистон Непалга электр энергияси етказиб беради
“Reuters” ахборот агентлиги хабар беришича, ўтган ойда Ҳимолай минтақасида юз берган ҳалокатли сув тошқинидан сўнг Ҳиндистон Энергетика вазирлиги Непалга 31 декабрга қадар кунига 18 соат давомида электр энергияси етказиб беришни маъқуллади.
Маълумки, музлик ўпирилиши оқибатида юзага келган офат Непал ва Тибетда қарийб 1 400 кишининг ҳаётига зомин бўлди ҳамда Непалдаги 12 дан ортиқ гидроэлектр станциясини вайрон қилди.
Таъкидланишича, бедарак йўқолган 5 300 дан ортиқ кишининг қарийб 900 нафари энергетика соҳаси ходимларидир. Вазирлик баёнотига кўра, Непалга 654 мегаваттгача электр қуввати етказиб берилади. 2027 йил январь ойидан бошланадиган кейинги етказиб бериш ҳажмлари эса декабрь ойида қайта кўриб чиқилади.
Сув тошқини асосий энергетика ҳудуди ҳисобланган Багмати провинциясига жиддий зарар етказгани сабабли, Непал электр энергияси экспортини тўхтатиб, ички танқисликни Ҳиндистондан импорт қилинадиган электр энергияси ҳисобига қоплашга мажбур бўлмоқда.
Шунингдек, Непал расмийлари иқлим ўзгариши оқибатларини бартараф этиш ва инфратузилмани қайта тиклаш учун зарур бўлган 5 миллиард доллар миқдоридаги молиявий ёрдам сўраб, халқаро ташкилотлар ва ривожланган мамлакатларга мурожаат қилишини маълум қилди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА