Австралияда парранда гриппи тарқалмоқда(ми)?
Австралияда парранда гриппи вирусининг тарқалиши билан боғлиқ хавотирлар ортиб бормоқда. Таъкидланишича, Жанубий Австралия штатининг Кенгуру оролидаги Сил-Бей ҳудудида акула ҳужумидан жароҳат олган денгиз шери ўлими юзасидан ўтказилган текширувлар жониворнинг айнан парранда гриппидан нобуд бўлганини кўрсатди.
Мутахассисларнинг фикрича, акула етказган жароҳатлар ҳайвон организмини заифлаштириб, уни вирус олдида ҳимоясиз қилиб қўйган бўлиши мумкин. Жанубий Австралияда денгиз шерлари сони ҳар йили ўртача 2 фоизга камайиб бораётган бир пайтда, расмийлар ушбу касаллик дунё бўйлаб денгиз шерлари ва тюленлар популяциясига ҳалокатли таҳдид солаётганидан огоҳлантирмоқда.
Бугунги кунга келиб, мазкур вирус штат ҳудудида тўрт хил сут эмизувчи ҳайвон турида аниқланган. Мамлакатда “H5N1” штамми билан боғлиқ илк гумонли ҳолат 19 июнь куни қайд этилган бўлса, 3 августда ёввойи қушларнинг оммавий ўлими кузатилган эди.
Август ойи охирида эса денгиз мушугида вируснинг аниқланиши Австралияда сут эмизувчиларнинг парранда гриппи билан зарарланиши бўйича илк расмий ҳолат сифатида қайд этилди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА