Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Ўзбекистонда йоганинг ривожланиши билан танишди
Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди 30 август куни мамлакатимизга давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон йога федерацияси томонидан ташкил этилган махсус тадбирга ташриф буюрди.
Юқори мартабали меҳмонни Ўзбекистон Йога федерацияси раиси Ж. Ортиқхўжаев кутиб олди. Ҳиндистон ҳукумати раҳбари ташрифи муносабати билан мажмуа медиаэкранида Ўзбекистон спорт жамоатчилиги номидан расмий табрик намойиш этилди.
Ташриф давомида Бош вазир ва унга ҳамроҳлик қилган расмийлар йога билан шуғулланувчи ўзбекистонлик усталар чиқишини кузатди. Дастур Ўзбекистон ёшлари ўртасида ушбу қадимий санъат тобора оммалашаётгани ва ривожланиш даражаси юқори эканини яққол намоён этди.
Меҳмонга Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик, шунингдек, 2026 йил июнь ойида Аҳмадобод шаҳрида бўлиб ўтган I Жаҳон йогасана чемпионатида Ўзбекистон терма жамоасининг муваффақиятли иштироки ҳақида видеоматериаллар намойиш этилди.
[gallery-31168]
Тадбир якунида Ҳиндистон Бош вазири ва Ўзбекистон йога федерацияси раҳбарияти эсдалик учун расмга тушди.
Дилшод ҲАКИМОВ, Носиржон ҲАЙДАРОВ (сурат), ЎзА