Ҳиндистон БМТда КХДРнинг ракета учиришини қоралади
Ҳиндистоннинг БМТдаги доимий вакили Ручир Камбож Хавфсизлик кенгашида сўзга чиқиб Шимолий Кореянинг яқинда баллистик ракета учирганини қоралади.
"Ҳиндистон Шимолий Кореянинг яқинда қитъалараро баллистик ракета парвозини амалга оширганини қоралайди. Ушбу парвоз ўтган ойда учирилган бошқа баллистик ракеталарнинг давоми бўлди", – деди Камбож.
“Ушбу синовлар Хавфсизлик кенгашининг КХДР бўйича қабул қилган резолюциясига зиддир. Бундай парвозлар минтақа ва бошқа ҳудудлар тинчлиги ва хавфсизлигига таҳдид солади”, деди у.
Шимолий Корея 18 ноябрда қитъалараро баллистик ракета учирган эди. У 1 минг километрга етиб борган ва Хоккайдо оролига 200 километр қолганда сувга қулаб тушган. Япония мудофаа вазирлигининг баҳолашича, бундай ракеталар одатдаги траектория бўйича учирилса 15 минг километр узоқликка етиб боради ва АҚШ ҳудудидаги нишонни ҳам ура олади.