Ҳимоя ордерини онлайн тарзда олиш мумкинми?
Ҳимоя ордери — тазйиқ ва зўравонликдан жабрланганларга давлат ҳимоясини берувчи ҳужжат ҳисобланади.
Энди ҳимоя ордерларини ЯИДХП орқали ва профилактика инспектори ташаббуси билан такрорий ҳодисаларда онлайн олиш мумкин.
Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига тазйиқ ва зўравонлик қурбони бўлган хотин-қизларга ҳимоя ордери бериш тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан тазйиқ ва зўравонликка учраган аёлларга ЯИДХП орқали ҳимоя ордери бериш, ордерни электрон шаклда бериш, ҳимоя ордерини бериш жараёнини автоматлаштириш, профилактика инспектори томонидан ҳимоя ордерини ташаббус тартибида бериш каби вазифалар назарда тутилган.
Ҳимоя ордери профилактика инспектори томонидан тазйиқ, зўравонлик ҳолати ёки уларнинг юзага келиш хавфи аниқланган пайтдан эътиборан 24 соат ичида берилади. ЯИДХП орқали ҳимоя ордерини расмийлаштириш ва бериш бепул амалга оширилади.
Бундан ташқари, жорий йил 1 декабрдан бошлаб тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари аниқланганда, бир календарь йил давомида икки ва ундан ортиқ марта ҳимоя ордери профилактика инспектори томонидан унинг ташаббуси билан берилади.
Шунингдек, ҳимоя ордерини олиш учун маҳалла фуқаролар йиғини вакилларидан (раис ёки ўринбосарлари), ички ишлар органлари ёки ИИВ тизимида ташкил этилган қисқа “Ишонч маркази”га мурожаат қилиш мумкин.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА