“Ҳеч қачон уруш бўлмасин” (+видео)
9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Президентимизнинг эҳтиёжманд аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида берган топшириғига биноан солиқ тизими ходимлари хоразмлик фахрий Собир ота Қурбонов ҳолидан хабар олди.
Қарияларни йўқлаш, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш халқимизнинг азалий қадриятларидан бири. Шу боис ёши улуғлар ҳамиша эъзозлаб келинади. Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари ва кенг жамоатчилик Урганч шаҳридаги янги барпо этилган Ашхобод массивида яшаётган 99 ёшни қаршилаган Собир ота Қурбонов билан суҳбатлашди. Суҳбатда тинчлик-осойишталик ва хотиржамликнинг аҳамияти, тинчликнинг қадри ҳақида сўз борди.
Асли Шовот туманида туғилган Собир Қурбонов 1942 йилнинг 20 июнида кўпчилик қатори фронтга олиб кетади. 1945 йилнинг апрель ойида Прибалтикани фашист босқинларидан тозалаганидан кейин фашистларни Берлингача қувиб борди. Ғалаба байрамидан кейин 1945 йилнинг 26 май куни уйга қайтади.

– Ҳеч қачон уруш бўлмасин, – дейди Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Собир ота Қурбонов. – Мана неча йилдирки ўша мудхиш кунларни эслайман. Қанчадан қанча дўстларим қурбон бўлди. Бугун эса роҳат-фароғатда умргузаронлик қилаяпман. Мана янги уй ҳам беришди. Мен ҳақимда бир нечта китоблар ҳам ёзишди. Яна бир катта асар чоп этишмоқчи. Илоҳим юртимизга кўз тегмасин.
Собир ота ҳозир ҳам спорт машқлари, уй-рўзғор ишлари ва томорқа юмушларини бажаришни канда қилмайди. Саломатлигига эса ўта жиддий ёндашади. Бу жараёнларни унинг шахсий ҳамшираси назорат қилиб боради.
Отахон элга фаровонлик, гўзал ҳаётга, меҳр-оқибатли, саховатли халқимизга кўз тегмаслигини тилаб дуо қилди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/f5L-a-W1dBQ" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>Аҳмаджон Шокиров, ЎзА