Ҳеч бир бола ғамхўрликдан четда қолмайди
Маълумотларга кўра, 2018 йилда 26 минг 532 бола турли шаклдаги интернат муассасаларида истиқомат қилган. Уларнинг аксарияти ногиронлиги бўлган болалардир.
Интернат муассасаларида яшовчи болалар сони ҳар 100 минг болага 255 тани ташкил этади. Бу кўрсаткич минтақавий ўртача кўрсаткичдан паст, лекин ҳар 100 минг болага 120 бола тўғри келадиган глобал кўрсаткичдан юқори.

Олий Мажлис Сенати томонидан UNICEF ташкилоти билан ҳамкорликда ўтказилган давра суҳбатида юқорида қайд этилган ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёки маҳрум бўлиш хавфи остида бўлган болаларнинг ҳозирги ҳолати, мамлакатимизда болаларга ғамхўрлик қилиш тизимини ислоҳ қилиш борасидаги келгуси режалар муҳокама қилинди.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Миллий гвардия масъуллари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари деинститутализация бўйича олдинга қадам ташлаш йўллари, жумладан, мувофиқлаштиришни кучайтириш, ҳуқуқий меъёрий базани мустаҳкамлаш, тегишли мутахассислар салоҳиятини ошириш ҳамда заиф болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш учун ҳамжамиятга асосланган хизматларни ташкил этиш масалаларини муҳокама қилди.
— Ўзбекистонда деинститутализация бўйича қатъий сиёсатни шакллантириш борасида муваффақиятга эришилди ва бу борадаги чора-тадбирлар режасини амалга ошириш бўйича жуда муҳим қадамлар қўймоқдамиз, —дейди Сенатнинг Ёшлар ишлари, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Дилором Тошмуҳамедова.
— Ҳеч кимни четда қолдирмаслик бўйича мақсадимизга эришиш учун болаларни ўз оиласи ва ҳамжамиятида қолишига қаратилган хизматларни янада кучайтириш муҳим аҳамиятга эга.
Йиғилишда UNICEF ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Афшан Хон ҳукуматни Ўзбекистонда болаларни деинститутализациялаш борасида олган қатъий мажбурияти учун қутлашини билдирди.
Давомий ислоҳотлар жараёнининг самарали бўлиши учун болалар, жумладан, ногиронлиги бўлган болалар ва бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож гуруҳларни қамраб оладиган йирик муассасаларни тизимли ва босқичма-босқич ёпишни давом эттириш жуда муҳим эканлигини қайд этди.
Шунингдек, тадбирда мутахассислар ижтимоий етимликнинг олдини олиш, фостр оилалар билан ишлаш, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан болаларни фарзандликка олувчи ота-оналарнинг ижтимоий ҳолатини ўрганиш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳам фикр алмашди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА