“Ҳаж Агро” маҳсулотлари дастурхон кўрки
Бухоро вилояти Шофиркон туманида иссиқхоначилик соҳасида йирик натижаларга эришилмоқда. Бугунги кунда туманда 11 та иссиқхона фаолият юритиб, жами 15 гектар майдонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилмоқда. Ана шундай йирик хўжаликлардан бири Тезгузар ҳудудида жойлашган “Ҳаж Агро” МЧЖ саналади.
Бир гектар майдонда жойлашган ушбу иссиқхонада бодрингнинг “Орзу”, “Қоплон” ва “Супер” навлари етиштирилмоқда. Тажрибали мутахассис Азима Очилова бошчилигида парваришланаётган экинлар ҳозирда ҳосилга кирган. Ишлаб чиқариш жараёнида 9 киши доимий банд, мавсумий ишларда эса 30 нафарга яқин ишчи жалб қилинади.


– Ҳозирги кунга келиб, 17 тонна бодринг йиғиб олинди, мавсум якунига қадар эса бу кўрсаткич 30 тоннага етиши кутилмоқда, – дейди Азима Очилова. – Етиштирилган ҳосил маҳаллий бозорга етказилмоқда.
Ҳудудда иссиқхона фаолиятини янада кенгайтириш, маҳсулот етиштириш ҳажмини ошириш ва янги иш ўринлари яратиш бўйича доимий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ушбу ташаббуслар қишлоқ хўжалигини ривожлантириш билан бир қаторда, маҳаллий тадбиркорлик ва иқтисодиётнинг ўсишига ҳам туртки бўлмоқда.


Зариф Комилов, ЎзА мухбири