Ҳайвонот боғида ёзилган ҳикоя
Деярли барча ҳикояларимни стол-стул ёки хонтахтада ёзганман.
Бу ҳикояни эса ҳайвонот боғидаги темир курсига ўтириб ёзишга мажбур бўлдим. Шундай қилмасам, ҳозиргина ўз кўзларим билан кўриб, тасаввуримда шаклланган воқеалар зум ўтмай хотирамдан ўчиб кетарди.
Ҳайвонот боғига кираверишдаги маймунлар сақланадиган хонадаги икки маймун эътиборимни тортди. Назоратчининг айтишича, бири эркак, иккинчиси аёл маймун экан. Урғочи маймуннинг хафалиги сабабини сўраганимда: “Буларни бир катакка солиб қўйганимизга, яъни оила қуришганига анча йил бўлди, ҳанузгача фарзандлари йўқ. Шунга аёл маймун бироз хомуш”, деди назоратчи.
Эркак маймуннинг сочлари тўкилиб, танасидаги туклари ҳам сарғиш тусга кириб қолган. Аёлининг маъюс кўзлари, қорачиқларидаги қотган ифодасизлик одамни ўзига тортади. Тўртбурчак шаклдаги идишда турли меваларнинг бўлаклари...
Эркак маймун идишдаги мевалардан бир бўлагини олиб емоқчи бўлди, аммо яна уни жойига қўйди. Сездим, аёлининг туз тотмаётгани учун унга ҳам мевалар татимаяпти. Аёл маймуннинг оёқ-қўллари лой, хас-хашак бўлакчалари тирноқларига ёпишиб қолган. Аммо у бунга эътибор ҳам бергани йўқ. Катак ичида маймунлар сакраб ўйнаши учун баланд-баланд сунъий дарахтлар ҳам бор. Ирмоқни эслатадиган ҳовузчада тоза сув жилдираб оқиб турибди. Аммо аёл маймун кирланган оёқларини унга ботириб олишни истамайди. Атрофда томошаталаб одамларнинг ҳеч бири унинг эътиборини тортмайди. Кимдир мазахлаб мева пўчоқларини отса, кимдир расмга олиш ниятида ўзига қаратиш учун ҳуштак чалади. Аёл маймун эса жимгина, ҳиссиз, ўйсиз ўтиради...
Бир пайт маймунлар томонга югургилаб келаётган уч ёшлар атрофидаги болакай туртиниб кетиб йўлакка йиқилиб тушди. Онаси келиб болакайни жаҳл билан ердан кўтариб олиб, бошига бир тарсаки туширди:” Мен сенга югурма, йиқиласан, деб неча марта айтдим. Қулоқ солмадинг, аҳмоқ”. Болакай янаям қаттиқроқ йиғлаб юборди. Шу пайт аёл маймун ўрнидан туриб, катак ичида турли қилиқлар қила бошлади. Болакай катак томон қўлларини чўзиб, унга томон интилди. Маймун эса ғалати товушлар чиқариб, тинмай у ёқдан бу ёққа югурар, худди ўзининг боласини эркалатаётгандек ажабтовур қилиқлар қиларди.
Жудаям ажойиб ҳолат эди. Инсоннинг хўрланган боласини маймун овутарди. Боласини кўтариб олган онанинг қўлида телефон, у ким биландир суҳбатлашиш билан овора. Шу пайт томошабинлар томонидан отилган бир дона сабзи аёл маймуннинг бошига келиб тушди. Сездим, у инграган ҳолатда бошини сийпалаб қўйди. Зарб билан отилган сабзи бошини оғритган. Аммо у бунга эътибор бермади. Сезишимча, одамларнинг ҳайвонларга бундай муносабатига ўрганиб қолган чоғи. Тепадаги дарахт устида ўтирган эркагининг аёлига меҳр кўрсатгиси келиб қолди. Пастга тушиб, идишдаги бир бўлак олмани аёлига узатди. У ҳам миннатдор ҳолатда олмани олиб оғзига солди. Эркак маймун янаям аёлига яқинроқ келиб, унинг танасидаги битларини тера бошлади. Аёл эса қиқирлаб куларди. Аёлнинг кулгисидан эркакнинг завқи ошиб, шўхлиги ортди. Идишчадаги сувни аёлининг бошидан қуйиб юборди. Аёл эса эрини қувлай бошлади. Дарахтнинг энг учига чиқиб олган эрига етиб олганида эркак маймун аёлини маҳкам бағрига босиб, қучиб олди.
Ҳайвонот боғини айланиб бўлгач, кенжатой ўғлим иккаламиз уйга қайтдик. Автобусда кетаяпману хаёлимда боласини бағрига босиб, унинг майда битларини теришдан роҳатланаётган она маймун қиёфаси гавдаланаверади...
Нигора Раҳмонова, ЎзА