Хайрли ва эзгу амаллар бардавом бўлсин
Бухоро вилояти Ромитан тумани ҳокимлиги ва хайр-саховатли фермерлар ташаббуси билан агрокластер ва фермер хўжаликлари томонидан қийин шароитда яшаётган оилаларга буғдой, сомон тарқатилиб, экин экиб деҳқончилик қилиш учун мавсумий ер майдони ажратиб берилмоқда.
Жумладан, 1-секторга қарашли “Самосий” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган Муҳаммад Бобойи Самосий зиёратгоҳи олдида маҳалланинг “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”дан ўрин олган эҳтиёжманд, кам таъминланган жами 622 нафар фуқарога 100 тонна буғдой, шунингдек, 30 минг дона прессланган сомон тарқатилди.

Шу билан бирга, бу тоифадаги айрим хонадонларнинг меҳнатга лаёқатли аъзоларига такрорий экин экиш, рўзғор кам-кўстини қоплашлари учун 1 минг 300 гектарга яқин ер майдони ажратиб берилди. Бу кеч кузда сабзавот-полиз маҳсулотлари етиштириш учун бир имкониятдир.

– Бугун бизнинг оиламизга ҳам 160 кило буғдой ва 20 дона прессланган сомон берилганидан хурсандмиз, – дейди “Ғунча” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, “Аёллар дафтари”га киритилган Ражаббой Ғозиева. – Бу моддий кўмак туфайли ўзимиз, қолаверса, оғилимиздаги қорамолимизни боқиш имконига эгамиз. Биздай муҳтожларга ёрдамлашиб, хайрли ва савоб иш бошида турганлардан миннатдормиз.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири