Ҳаёт стихиясининг қудрати ва ундан қутилиш йўли
Президентимиз раислигида шу йил 19 январда маънавий-маърифий ишлар таъсирчанлигини янада ошириш борасидаги долзарб вазифалар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган йиғилишда ушбу йўналиш ривожи билан боғлиқ устувор вазифалар белгилаб берилди.
Видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари “Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир. Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавиятдир. Қандай қийинчилик ва синовларга дуч келмайлик, бошлаган барча ислоҳотларимизни, қабул қилган дастурларимизни изчил давом эттираяпмиз”, деди.
Бу мамлакатимиз ва миллатимизни тараққиётнинг янги босқичига бошловчи прагматик ғоя эканлиги билан ниҳоятда қадрлидир.
Узоқ йиллар давомида иқтисодиёт ва маънавият масаласига бир-бирига қарама-қарши қутблар сифатида қараб келингани юрт ривожига сезиларли даражада тўсиқ бўлиб келди. Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги мулоҳазалари маънавиятга нисбатан салбий қарашга эга бўлганлар учун аниқ ва ишончли жавобдир.
Дарҳақиқат, маънавият том маънода жамият устунларидан биридир. Танасиз жон мавҳум бир нарса бўлганидек, жонсиз тана ҳам ўлик жисмдир. Маънавият бу, инсонни инсон, жамиятни жамият сифатида гавдалантириб турувчи, инсоннинг жамики билими, ақл-заковати, инсоний туйғулари, ахлоқи, феъл-атвори, тафаккур ва қарашлари йиғиндисидир. Буларсиз инсон ҳам, жамият ҳам бўлмайди.
Бу ҳақда кўп баҳс юритиш мумкин. Маънавиятга қарши муносабатлар унинг моҳияти, таркибий қисмлари, жамиятдаги ролини нотўғри тушуниш, талқин қилиш натижасида пайдо бўлади. Маънавият бу, бошига салла ўраган, эгнида яктак билан қўлини кўксига қўйиб, шаҳаншоҳ олдида тавозе билан таъзим қилиб турган муте фигура ҳақидаги чекланган тушунча эмас, балки у қадимда ҳам қадду тафаккурини рос тутган, жамики кашфиётларни яратган буюк инсонлар мероси, ақл-идроки мажмуаси, тарихий ва замонавий билим, маданият, миллий ва умуминсоний қадриятлар, юксак онг, комил инсон, адолатли, фаровон, тинч-осуда, бахтли жамият барпо этиш борасидаги қарашлар, илм-маърифат, тараққиёт тенденциялари ва принциплари ҳамда энг сўнгги технологияларни яратишгача бўлган жараёнларни ўзида мужассам этган тушунчадир.
Маънавият насиҳат ва ўгитлардан иборат ваъзхонлик, тадбирбозлик эмас. Уқувсизлигимиз, билимсизлигимиз, одил ва оқил жамият қуришга “коммунист”ларча утопик ёндашув, бирёқлама, тор тафаккур, “танқидий қараш”бозлик ортидан жамиятнинг бир қисмида унга нисбатан ана шундай қараш шаклланди.
Аслида, прагматик жамият учун умуминсоний қадриятлар таркибига кирувчи, инсон тараққиётини таъминлашга хизмат қилувчи ҳар қандай ғоя муҳимдир. Ғоя миллий бўладими, умуминсонийми, унинг прогрессив томонларини ўзлаштирган, янги қурилаётган ёки тараққиётга эришиш истаги туғилган жамиятга жорий қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Яъни, ижтимоий-иқтисодий, маданий наф келтирган ҳар қандай ғоя ёки назарияни бегона тутмаслик замонавий бошқарув, менежментнинг принципларига кирмоғи лозим.
Капитализм, социализм, коммунизм, яна қандайдир “изм”ларга ёпишиб олиш эмас, балки ҳар қандай тизимдан инсон бахтини таъминлашга хизмат қилувчи тартиб, қоида, назарияларни бир-бири билан мувофиқлаштирган ҳолда ўзлаштириш ва жамиятга жорий қилиш наф келтиради. Аксинча, “изм”ларга ёпишиб олиш ва ўзига маъқул бўлган “изм”дан бошқасини мутлоқ рад этиш ақидапарастликнинг бир кўринишини намоён этади. Шу ўринда айтиш лозимки, “менталитетимизга тўғри келмайди”, деган ақидага ҳам ёпишиб олиш миллат ва жамиятга наф келтирмайди, аксинча зарарли ва жамият тараққиёт йўлини тўсувчи ақидапарастликнинг бошқа бир кўриниши. Вақт ўтган ва давр ўзгарган сари менталитет ҳам қисман ўзгариб боради. Ҳозирги замонавий шароитда менталитетимиз, ўрта асрлар у ёқда турсин, 100 йил олдингисидан катта фарқ қилади. Шунинг учун жамиятга фойда келтирадиган, тараққиёт ва бахтни таъминлайдиган, аммо менталитетимизга тўғри келмайдиган янгиликларни ислоҳ қилиб, мослаштирган ҳолда жамият ҳаётига жорий қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Ўзига маъқул бўлмаган, тушунмаган, қабул қила олмайдиган, аммо жамият ва инсон тараққиётига хизмат қилиши мумкин бўлган нарсалар, тушунча ва ғояларни рад этиш ақидапарастликнинг пайдо бўлиши стихияли тараққийнинг ҳосиласидир.
Ҳамма бало мана шу ерда.
Стихия нима? Унинг бир моҳият, бир таъсир куч ва бир натижага эга бўлган уч кўриниши мавжуд. Биринчиси, табиат стихияси бу табиий куч, табиий ҳодиса – шамол, тўфон, ёнғин, зилзила, вулқон отилиши ва бошқалар. Иккинчиси, жамият стихияси инсон иродасига бўйсунмайдиган қудратли ижтимоий ҳаёт ҳодисаси, ташкил қилиб ва бошқариб бўлмайдиган, инстинктив ҳаракат қиладиган ижтимоий муҳит. Учинчиси, шахс стихияси бу, инсонда табиий инстинктнинг ақл ва иродадан устун даражада намоён бўлиши. Яъни, ақл ва ироданинг сустлиги инстинктив майлларнинг бўртиб чиқишига омил бўлади. Жамиятда ушбу статусдаги шахсларнинг кўпайиши стихияли ижтимоий ҳодисаларни келтириб чиқаради. Шу боис инсоният табиат стихиясидан омон қолишга ҳаракат қилганидек, жамият ва шахс стихиясидан сақланиш учун баъзан ақл-идрок, баъзан ички инстинкт билан интилади.
Шахс ва жамиятнинг стихияси эркинлик тушунчаси билан аралашиб кетган. Яъни, мутлоқ эркинлик билан тўлиқ, жамият талаблари даражасида эса қисман чегараланган эркинликка чатишиб кетган. Шунинг учун шахс стихиясини бартараф қилишга қаратилган ҳаракат инсон эркинлигини чегаралашга интилишдек туюлади. Ҳудди шундай, жамият стихиясини бартараф қилиш сари амалга ошириладиган ҳар қандай тадбир жамият эркинлигини чегаралашга қаратилган хатти-ҳаракат сифатида қабул қилинади. Демак, шахс ва жамиятдаги стихияни бартараф этишда эркинлик билан стихия ўртасидаги чегараларни белгилаб олиш керак бўлади.
Жамият стихиясининг амалда кўриниши қандай намоён бўлади? Шахсларнинг бир маконда тўдалашиб майл ва истакларни қондириш, таъминлаш борасидаги хатти-ҳаракати натижасида шаклланади. Ушбу маконда қонунийликнинг жамият танасига сингмаганлиги, инстинктив қонуниятларнинг жиловланмаслиги ва унинг ой, йил сайин янада бебош бўлиб бориши стихиянинг ривожланишига имкон яратади. Стихияни инсон эркинликларини жамият манфаати ва тараққиётига зиён етказмайдиган даражада, қонунийлик асосида оптимал таъминлаш, маънавий такомил чеклаб туради. Стихия жамият ва шахсда маънавий шамойил ожизланиши билан пайдо бўлган бўшлиқни дарҳол эгаллашга ҳаракат қилувчи регрессив куч мавжуд. Ижобий ижтимоий муҳит ортга чекиниши билан у тезда жамият қон томирларига ёйилади.
Стихия оғушида шаклланган ўрмон чакалакзорга айланиб, бир қарашда жозибадор кўринсада, ундан иморатга ярайдиган ёғоч топиш имконияти ўрмондагига нисбатан анча паст. Шу нуқтаи назардан қараганда, стихия оғушида яшаётган жамият ҳаётида тараққиётнинг самараси паст ва у давлат, жамият, шахс учун ниҳоятда хавфлидир. Бундай жамият турғунликка юз тутади, унда тақдир тақозоси ҳал қилувчи кучга айланади. Жамиятда стихиянинг чуқурлашуви шахслар тақдирини боши берк кўчага бошлайди. Денгизда кучли тўфон кемани ғарқ қилганидек, стихиянинг кучайиши жамият ва шахсни ҳалокатга етаклайди.
Аслида, денгизда содир бўлаётган тўфон стихиясини томчилар бирлашиб ташкил қилганидек, жамиятда ҳам шахслар стихияси жамият стихиясини вужудга келтиради. Шахс стихияси юқорида таъкидланганидек, хусусий, шахсий майлларнинг ақлга бўйсунмаслиги, табиий инстинкт – хоҳиш-истакларини қондириш учун хатти-ҳаракатни намоён қилиши, хусусий эҳтиёжларни қондиришга муккасидан кетиш, ялқовлик, жамият, ён-атрофдагиларга зиёнкорона дахл қилиш, жамиятда ўрнатилган тартиб ва қоидаларни англаб етмаслик ёки менсимаслик. Шахс стихияси гиёҳванд ва алкоголь моддага ўхшайди, улар истеъмол қилган одамни вақт ўтгани сайин гирдобига тортиб бораверади. Фақат улар ўртасида катта фарқ бор, гиёҳванд ва алкоголь моддалар истеъмол қилган шахснигина ҳалокатга етаклайди, стихия эса ҳар бир шахснинг ўзида, у бевосита ҳаммани баб-баравар гирдобига тортаверади.
Маънавият ожизлашган нуқтадан стихия кучая боради ва зарпечакдек тез суръатлар билан жамият дарахтининг танасини ўраб олади. Стихия ҳукмрон бўлган жамиятда адолатсизлик илдиз отади, жамият ҳаёти оғирлашиб, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий муаммолар чуқурлашаверади. Тараққиётга ҳеч қандай омил, у барча таянчларни издан чиқаради. Адолатсизлик, коррупция, муаммолар бир-бири билан чамбарчас боғланиб кетадики, уларнинг қай бирини олдин бартараф этиш мумкин, деган саволга жавоб топиш мушкул бўлиб қолади.
Стихияни қандай бартараф этиш мумкин?
Биринчидан, стихияни бартараф этиш учун жамиятда жамоавийликни ташкил қилиш керак бўлади. Жамоавийлик шахсда ҳам, жамиятда ҳам стихияни бартараф қилиш учун кучли дастакдир.
Стихияни жамоавийлик чеклайди. Мисол, ўғри Худодан қўрққанидан эмас (қанча яширинса ҳам Худо барибир кўриб турганини билади), балки бировнинг кўзи тушиб қолмаслиги, қўлга тушмаслиги учун яширинча ўғрилик қилади. Жамоанинг, атрофдаги кўзларнинг роли мана шу вазиятда аён бўлади. Атрофда кўзлар бўлса, ҳамма ўзини сипороқ ва тартиблироқ тутади.
Худди шундай, минтақада аҳолининг жамоавийликка мойиллиги, якка-ёлғизликдан кўра жамоавий шароитда ўзини яхшироқ намоён қила олиш, хусусий стихияни енга олиш хусусияти борлиги турли маърака ва маросимларда намоён бўлади. Индувидуализм Шарқ халқларига тўғри келмайди. Ҳолбуки, Европа ва ер шарининг бошқа халқлари учун ҳам индувидуализм шахс эркинлигига асосланган бўлса-да, айни пайтда унинг ҳаёт шафқатсизликлари билан юзма-юз келишига шароит яратади. Бундай шароитда шахс ўзини маълум даражада эркин ҳис қилади, аммо ҳаёт стихиясининг исканжасини вужудидан тўлиқ ўтказиб яшайди. Жамоавий тузумларда эса тарихдан маълумки, жамиятда авторитар тартибларнинг кучайиб кетиб, шахс эркинлигини мукаммал бахтни таъминлаш мантиғидан тошиб кетадиган даражада чеклаб қўйиш хавфи бор.
Иккинчидан, жамият маънавий ҳаётини такомиллаштириш борасида давлат раҳбари томонидан қўйилаётган жиддий вазифалар ижросини ташкил қилиш учун масалага комплекс ёндашишга тўғри келади. Шахс эркинликлари стихиясини индувидуал тарзда жиловлашнинг имкони йўқлиги ва уни фақат жамоавийлик асосда бартараф этиш мумкинлигини инобатга олиб, жамоавий ҳаёт ва меҳнатни ташкил қилиш зарур бўлади. Бундай тизим муаллиф томонидан ишлаб чиқилган ва жамият ҳаётига жорий қилишга тайёр. Жамиятда стихия ҳукм сураётган, адолатсизлик, нопоклик, коррупция қўпчиган шароитда ҳар қандай шахс тарбияси натижадорлиги, маънавий-маърифий ишлар самарадорлиги “ноль”га тенг бўлади. Яъни, таълим-тарбия, маънавий-маърифий ишлар учун сарфланган куч ва маблағларнинг самараси адолатсизлик ва коррупция авж олиши тенденциясига тескари пропорционал бўлади.
Демак, адолатсизлик ва коррупцияни вужудга келтирадиган шарт-шароитни бартараф қилиш зарур. Бунинг учун, аввало, давлат бошқаруви органларининг иқтисодиётни назорат қилиш ва меҳнат фаолиятини амалга оширишга рухсат бериш функциясини мутлақо чеклайдиган механизмни ташкил қилиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Жамоавий меҳнатда, хусусий меҳнат, ёлланма меҳнатда қарамликни мутлақо бартараф этиб, шахс эркинлиги ва манфаатларини устун даражада таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини яратиш керак бўлади. Фикримиз назариядан иборат бўлиб қолмаслиги учун қуйидаги таҳлил ва аниқ таклифни баён қиламиз.
Масалан, бир тадбиркор корхонасига 10 кишини ишга олган. Уларнинг меҳнатидан қанча ҳақ тўлаш эвазига фойдаланиши мумкин? Дейлик, у ана шу ишчиларни ишлатиб, бир ойда 50 миллион сўм даромад қилди. Ишчиларга 700 минг сўмдан жами 7 миллион сўм ойлик берди. Ишлаб чиқариш харажатларини чиқариб ташлаб, солиқ ва бошқа тўловларни тўлагандан сўнг 15-20 миллион сўм тадбиркор фойдасига қолиши керакми? Бу ерда адолат қани? Агар адолат бўлса, тадбиркор ишчиларга 1,5-2 миллион сўмдан иш ҳақи бериб, ўзига 5-6 миллион сўм қолдирса бўлмайдими? Жамиятда қонунлар мана шу тартибда адолатни таъминлаб бериши мумкин.
Аксинча, ҳозир жамиятимизда одамларнинг меҳнати, интеллектуали ҳисобига 50 миллион сўм даромад олиб, ишчига 700-800 минг сўм иш ҳақи берадиган тадбиркорлик субъектлари кўпайиб кетди. Бундай ҳолатда жамиятда кескин табақалашув юз беради. Оқибатда жамиятнинг камбағаллашиб, қашшоқлашиб борадиган қисмида табиий норозиликни келтириб чиқаради. Бу шароитда ёлланма ишчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини давлат қандай ҳимоя қилиши керак?
Масалан, ишчиларнинг иш ҳақи фонди ишлаб чиқариладиган маҳсулотдан келадиган даромаднинг қанча қисми бўлиши керак? Буни ким белгилайди, давлатми ёки тадбиркорми? Ҳозирча тадбиркор белгилаяпти, у хоҳласа 100 сўм, хоҳласа 1000 сўм иш ҳақи беради. Шу боис жамиятда бир шахсни иккинчи шахс томонидан ёллаб ишлатиш ва унга ҳақ тўлашнинг меъёрлари қонун билан тасдиқланган бўлиши лозим, бу масалани стихия гирдобига ташлаб қўйиб бўлмайди.
Тадбиркор ўз меҳнати, оила аъзолари билан меҳнат қилиб, истаганча даромад олиши мумкин. Аммо ўзга шахслар меҳнатидан фойдаланганда иш ҳақини ўзи иш берувчи сифатида белгилаши мумкин эмас. Ёлланган ишчига тўланадиган иш ҳақи биргаликда ишлаб топилган даромаднинг белгиланган маълум бир фоизи даражасида бўлмоғи лозим. Яъни, инсон ҳуқуқлари бўйича бир кишининг ҳуқуқ ва манфаатларини ўзга бир шахс ўз манфаати йўлида белгилаши мумкин эмас. Шахс манфаатларини ҳар қандай шароит ва муносабатларда давлат ва қонун ҳимоя қилиши керак.
Яна бир таклиф – маънавий-маърифий ишлар самарадорлигига эришиш учун жамиятда адолатни таъминлаш, коррупциянинг илдизини қирқиш, кейинги пайтларда жуда кўп муҳокама қилинаётган, давлат органлари ва жамоат ташкилотлари масъул раҳбар ва ходимларининг даромадларни декларация қилиш тизимини зудлик билан жорий қилиш лозим.
Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини таъминлаш учун қишлоқ ва шаҳарлардаги маҳаллаларда аҳоли, ҳар бир шахснинг кунлик даромад топишига шароит яратиб берадиган жамоавий-хусусий эркин ишлаб чиқариш-савдо ҳудудларини, бозор муносабатларига асосланган иқтисодий тизимни ташкил қилиш кутилган натижани беради. Ишлаб чиқариш, меҳнат бозори ва бозор-савдо тизимида яккаҳокимликни, чеклашларни бартараф қилиш мақсадга мувофиқдир.
Юқоридаги таҳлиллардан шундай хулоса чиқариш мумкинки, жамиятда жамоавий ҳаёт ва меҳнатни ташкил қилиш ҳаёт ва шахс стихиясини енгишнинг ягона йўлидир. Бу формула шундан иборатки, жамоа ичида шахсий ҳаёт, жамоа ичида хусусий меҳнат ва манфаатларнинг таъминланиши ҳар қандай жамиятни бўҳрондан қутқаради, тараққиётга бошлайди. Инсон эркинликларининг хусусий чегаралардан чиқиши жамоат манфаатларига зид келади. Ҳудди шундай, жамият манфаатларининг чегарадан ортиқ олдинга сурилиши шахс эркинликлари майдонига дахл қилади. Шу боис жамоавий ҳаёт ва меҳнатда жамият, шахс эркинликларининг пухта ўйланган, илмий асосланган чегараларини қонун билан аниқ белгилаб қўйиш зарур бўлади.
М.Бўронов,
фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори.
ЎзА