Ҳавонинг тозалигига барчамиз масъулмиз
Навоийда “Тоза ҳаво” тадбири доирасида 6,5 мингга яқин автотранспорт воситалари назоратдан ўтказилди
Юртимизда ҳар йили икки босқичда “Тоза ҳаво” тадбири ўтказилади. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад эса автотранспорт воситаларидан атроф-муҳитга етказилаётган зарарли таъсирларни камайтиришдир. Мутахассисларнинг фикрича, ҳавонинг ифлосланишида саноат корхоналаридан чиқаётган чанг-газлар қаторида автомобиллардан чиқадиган заҳарли газлар ҳам муҳим роль ўйнайди.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 4 миллионга яқин автотранспорт воситалари мавжуд. Бир йилда улардан атмосферага ўртача 1,3 миллион тонна зарарли ташламалар ташланади. Бу умумий ташламаларнинг 63 фоизини ташкил этади.

– Тадбир давомида автотранспорт воситаларидан ташланаётган зарарли газларнинг токсиклик даражаси ва тутун қалинлиги махсус асбоблар ёрдамида ўлчанади, – дейди Табиат ресурслари Навоий вилояти бошқармаси Ахборот хизмати раҳбари Зубайда Душанова. – Олинган натижалар давлат стандартларида белгиланган меъёрларга солиштирилади. Ўрнатилган меъёрлардан ортиқ чиқиш ҳолатлари юзага келган тақдирда уларга нисбатан қонунчиликда ўрнатилган тартибда таъсир чоралари кўрилади.

Навоий вилоятининг серқатнов автомагистралларида 9 та йўл патрул масканлари ташкил қилинган бўлиб, жорий йилнинг 10 апрелида бошланган “Тоза ҳаво” тадбирининг 1-босқичида жами 6452 та, шундан дизелли 2631 та, 3821 та бензинли ҳамда газ ёқилғисида ҳаракатланувчи автотранспорт воситалари назоратдан ўтказилди. Натижада меъёридан ортиқ ташламалари билан ҳаракатланаётган бензин ва газ ёқилғисидаги 27 та, дизел ёқилғисидаги 9 та автотранспорт воситалари аниқланди.
Шунингдек 36 та автотранспорт воситаларининг ЙҲХБ ходимлари томонидан вақтинчалик тўхтатилиши ҳисобига атмосфера ҳавосига 0,0758 тонна ифлослантирувчи моддалар ташланиши олди олинди.
А.Бўриев,
ЎзА