Ҳавонинг ифлосланиш ҳолати ўрганилди
Тошкент вилоятининг пойтахтга туташ ҳудудларида атмосфера ҳавосини ифлосланиш даражасини мониторинг қилиш жараёнларига бағишланган пресс-тур ўтказилди.
Вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳамда вилоят Прокуратураси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда мутахассислар томонидан журналистларга ҳудудлардаги мавжуд ҳолат кўрсатилди.
Иштирокчилар эрта тонгдан Қибрай туманидаги Тошкент иссиқлик энергияси станциясига келди. Мутахассислар махсус асбоблар ва лаборатория жиҳозлари ёрдамида атмосферадаги ҳаво ҳолатидан намуналар олди. Шу асосида журналистларга ахборот берилди.
– Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда аҳоли муҳокамаларига сабаб бўлаётган Тошкент шаҳар ҳавосининг ифлосланиши билан боғлиқ вазият бўйича доимий назорат олиб борилмоқда, – дейди вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бўлим бошлиғи Отабек Примов. – Маълумки, пойтахтга Зангиота, Қибрай ва Тошкент туманлари чегарадош. Умумий йирик саноат корхоналари сони 1 минг 200 тадан зиёд. Бироқ, асосий ташланаётган ташланмалар Олмалиқ, Бекобод, Оҳангарон ва Чирчиқ каби шаҳарлардаги саноат корхоналарига тўғри келади. Биз ўрганаётган Зангиота, Қибрай ва Тошкент туманларининг ташланмалари атиги 5 фоизни ташкил қилади.
[gallery-21592]
Тошкент иссиқлик энергия станцияси олдида ўтказган лаборатория таҳлилий натижаларга кўра, белгиланган меъёрдан ортиқ ҳолат аниқланмади. Бу ерда кўмир ёқилғисидан фойдаланилади. Вилоят Прокуратураси бўлим бошлиғи Шерали Зуннирбоевнинг таъкидлашича, атмосфера ҳавосини ифлосланишининг олдини олиш мақсадида жойларда тунги рейдлар ўтказилмоқда. Кузатувларга кўра, вилоят атроф-муҳитига таъсир кўрсатувчи 1 минг 221 та хўжалик субъектлари атмосфера ҳавосини асосий ифлослантирувчи корхоналар ҳавога йилига 685 минг тонна ифлослантирувчи моддалар ташланиши маълум бўлди. Йил бошидан бери йигирмадан зиёд қонунбузарлик ҳолатлари аниқланди.
Пресс-тур иштирокчиларининг кейинги манзили Қибрай туманида жойлашган “Agro Group 2019” корхонасига қарашли иссиқхона бўлди. Бу ерда журналистларга қандай ёқилғидан фойдаланилаётгани, махсус фильтрлар ўрнатилгани кўрсатилди.
– Иссиқхонамизда помидор ва атиргул етиштирилади, – дейди иссиқхона иш юритувчиси Ойбек Мўминов. – Ҳудудимиз 2,70 гектарни ташкил этиб, 4 та қозонхонамиз мавжуд. Асосий ёқилғимиз кўмир. Бир мавсумда 200 тоннагача кўмир ёқамиз. Йил бошида мазкур қозонхоналар замонавий фильтр билан жиҳозланди. Унинг афзаллиги атроф-муҳитга ҳеч қандай тутун, зарарли газ моддалари чиқармаслигида.
Объектларни иситиш учун шина, целлофан, парранда гўнги ва бошқа зарарли тутун чиқарувчи ашёлардан фойдаланишининг олдини олиш, шунингдек, иссиқхоналар дудбуронларига давлат стандартлари талабларига жавоб берадиган чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатиш бўйича профилактик тадбирлар ўтказилди.
Пресс-турда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
А.Мусаев, А.Алижонов,ЎзА