Хавфсизлик ойлиги: билим, тажриба ва маҳорат синовдан ўтмоқда
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Тошкент ҳудудий филиали томонидан “Хавфсизлик техникаси кўриги ойлиги” юқори савияда ташкил этилмоқда. Жорий йилнинг 10-июлига қадар ўтказилаётган мазкур ойликнинг асосий мақсади ишлаб чиқариш жараёнларида бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, ходимлар ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, меҳнат муҳофазаси ҳамда техника хавфсизлиги талабларига қатъий риоя этилишини таъминлашдан иборат.
Мазкур саъй-ҳаракатлар доирасида филиалнинг барча таркибий бўлинмаларида иш жойларининг хавфсизлик ҳолати комплекс ўрганилиб, электр қурилмалари ва жиҳозларининг техник созлиги текширилиб, ҳимоя воситалари ҳамда махсус кийим-бошларнинг яроқлилиги назоратга олинган. Шунингдек, ходимлар иштирокида техника хавфсизлиги бўйича мақсадли ўқув машғулотлари ва йўриқномалар ташкил этилиб, уларнинг назарий билимлари ҳамда амалий кўникмалари ҳам синовдан ўтказилмоқда. Маълумки, меҳнат муҳофазаси соҳасида илғор тажрибаларни оммалаштириш, ишлаб чиқариш интизомини янада мустаҳкамлаш ва хавфсиз меҳнат маданиятини юксалтириш ойликнинг устувор вазифаларидан ҳисобланади.

Хусусан, Бўка туманида ташкил этилган электр тармоқлари ходимлари ўртасида уч босқичли касб маҳорати мусобақаси ҳам шу саъй-ҳаракатларнинг намунаси бўлди. Мусобақа иштирокчилар учун ўз билим ва тажрибаларини синовдан ўтказиш, амалий кўникмаларини ошириш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш майдонига айланди.

Беллашув давомида қатнашчилар электр кучланиши остига тушган жабрланувчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, авария туфайли узилган электр симини қайта улаш, шунингдек, трансформатор жамланмасини мукаммал таъмирлаш учун иш жойини белгиланган талаблар асосида тайёрлаш каби шартлар бўйича ўз маҳоратини намойиш этди. Ҳар бир вазифа хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш, тезкорлик ва иш сифати мезонлари асосида баҳоланди.

Мусобақа якунига кўра, энг юқори натижани қайд этган Бўка–2 усталик бўлими жамоаси ғолиб деб топилди.

Масъулларнинг таъкидлашича, бундай амалий тадбирлар соҳа ходимларининг касбий маҳоратини янада ошириш, фавқулодда ҳолатларда тўғри қарор қабул қилиш кўникмаларини мустаҳкамлаш ҳамда ишлаб чиқаришда хавфсиз меҳнат муҳитини таъминлашга хизмат қилади. Зеро, хавфсизлик талабларига сўзсиз амал қилиш инсон ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилишнинг энг муҳим омили ҳисобланади.
А.Мусаев,ЎзА.