Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш — устувор вазифа
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Шуҳрат Полвонов билан учрашди.
Мулоқотда тадбиркорлик субъектларининг ўз фаолияти давомида давлат органлари ва ташкилотлари билан муносабатларда дуч келаётган муаммолари, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда ечимлари атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Давлат раҳбари ташаббуси билан бу борада тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фаолиятига ноқонуний аралашувларнинг олдини олишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Учрашувда ушбу вазифалар ижросини ҳудудий даражада таъминлаш, тадбиркорларнинг қонуний фаолиятига асоссиз тўсиқ бўлаётган ҳолатларга барҳам бериш, давлат идоралари билан муносабатларда қонун устуворлигини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Зеро, тадбиркорлик субъектининг ҳуқуқи бузилиши нафақат муайян корхона фаолиятига, балки янги иш ўринлари яратилиши, инвестиция жалб этилиши ва ҳудуд иқтисодий салоҳиятига ҳам таъсир кўрсатади. Шу боис ҳар бир мурожаатни ўз вақтида ва қонуний ҳал этиш, муаммонинг оқибатларини эмас, аввало, уни келтириб чиқараётган сабабларни бартараф этиш муҳим аҳамият касб этади.
Мулоқотда вилоят суди раиси У. Розиев, вилоят маъмурий суди раиси А. Аҳмедов ва вилоят прокурори У. Ҳамдамов ҳам иштирок этди. Томонлар мавжуд муаммоларни бартараф этиш, идоралараро ҳамкорликни кучайтириш, тадбиркорларнинг мурожаатларига самарали ҳуқуқий ечим топиш ҳамда уларнинг ҳуқуқлари бузилишига олиб келаётган ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан фикр алмашдилар.
Учрашувда билдирилган таклиф ва мулоҳазалар тадбиркорлик субъектлари билан давлат органлари ўртасидаги муносабатларда очиқлик, қонунийлик ва масъулиятни янада мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Зеро, тадбиркор ўз ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинишига амалда ишонч ҳосил қилган тақдирдагина фаолиятини кенгайтириш, янги лойиҳаларни бошлаш ва иқтисодий тараққиётга муносиб ҳисса қўшиш имкониятига эга бўлади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири