Хавфсиз Янги йилга тайёрмисиз?
Мамлакатимиз бўйлаб ёнғинлар билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ҳамда фавқулодда вазиятларни олдини олиш борасида ҳафтанинг ҳар чоршанба куни “Фавқулодда вазиятлар профилактикаси” куни сифатида соҳа ходимлари томонидан самарали профилактик тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад эса иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектлари, аҳоли турар жойлари шунингдек, ҳамда оммавий ўтказиладиган тадбирларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни жадаллаштириш ва бу ишларда фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлашдан иборат.
Хусусан, Янги йил ва “Президент арчаси” байрам тадбирларига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш даврида йирик савдо ҳамда кўнгилочар мажмуалари, бозорларда фавқулодда вазият(ёнғин)ларни олдини олиш борасидаги профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Янги йил арчасини ўрнатишда техник талабларни тўлиқ бажарилмаслиги оқибатида сўнгги йилларда республикамиз ҳудуди очиқ майдонларида барпо этилган сунъий арчаларнинг ёниб кетиши ёки кучли шамол оқибатида қулаб тушиш ҳолатлари кузатилган. Шу боис, Янги йил байрамини кутаринки руҳ, юқори савияда ва хавфсиз ўтказилишини таъминлаш ҳамда юқорида келтирилган нохуш ҳолатларнинг олдини олиш борасида хушёр бўлганимиз маъқул.

Шунингдек, болаларга тез ёнувчи материаллардан тикилган кийимлар кийгизиш, томошалар бошланишидан олдин ёки томоша вақтида бўёқлаш, оловли ва бошқа ёнғин ва портлаш хавфи мавжуд ишларни амалга ошириш, хоналарни қоронғилантириш учун деразаларга соябонлар ўрнатиш, қаторлар оралиғидаги ўтиш жойларини торайтириш, у ерларга қўшимча стул, креслолар ва шу кабиларни ўрнатиш, спектакль ва томошалар давомида хонанинг электр ёруғлигини тўлиқ (батамом) ўчириш ҳамда хоналарни белгиланган меъёрдан ортиқ одамлар билан тўлдиришга йўл қўйиш мумкин эмас.
─ Янги йилни кўпроқ болалар орзиқиб кутишади, – дейди ФВВ академияси катта ўқитувчиси, капитан Фарҳоджон Хўжаев. ─ Чунки байрам арафасида ҳар бир мактабда арча байрамлари ўтказилиб, Қорбобо совғалар улашади. Албатта, мазали таомлар, совғалар, таътил, биринчи навбатда, Янги йил – бу болажонлар байрамидир. Шундай экан катталар болажонларни уйда ва кўнгилочар боғларда беэътибор қолдирмасдан, аксинча уларга ёнғин хавфсизлиги қоидаларини ёшлигидан уқтириш лозим Ёнғин тасодифий ёки ўз-ўзидан келиб чиқадиган кимёвий ҳолат эмас, балки у кимнингдир айби билан юзага келувчи бахтсиз ҳодисадир. Ана шу бахтсизликнинг олдини олиш эса ҳар бир кишининг ўз қўлида. Ўз яшаш ва иш жойларингизда ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларини сўзсиз бажарилишини таъминлаш орқали яқинларингизни ҳаёти, соғлиги ва моддий бойликларини асраб қолган бўламиз.
Гулноза Бобоева, ЎзА